
Си Маога айланмоқда: Хитой армиясида «қизил қатағон» юз беряпти
Хитой ҳокимиятида жиддий силкиниш кузатилмоқда. Си Жинпинг ҳатто энг ишончли вакилларини ҳам қурбон қилишдан тортинмаяпти. Путиннинг Украина урушидаги хатолари Пекинни сергак торттириб, Хитой армиясидаги чуқур тизимли муаммоларни «жарроҳлик йўли» билан бартараф этишга ундади. Бу жараён Мао Зедонг ва Лин Бяо ўртасидаги тарихий сценарийни эслатади.

Си Жинпинг олий ҳарбий раҳбар, болаликдаги дўсти ва яқин сафдоши Чжан Юсяни ҳокимиятдан аёвсиз четлатгани ҳақидаги хабарлар экспертлар доирасида катта шов-шув уйғотишда давом этмоқда. Замонавий Хитой тарихида Мао Зедонг ва афсонавий маршал, Халқ озодлик армияси (ХОА) раҳбари Лин Бяо ўртасидаги можародан буён бундай воқеа кузатилмаган эди.
1969 йилда Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) IX қурултойида Лин Бяо Маонинг расмий вориси деб эълон қилинган. Мао уни энг муносиб номзод деб ҳисоблаган, чунки Лин Бяо партияда таъсир кучига эга эмас эди ва у Маонинг шахсга сиғиниш тамойилларини фаол қўллаб-қувватлаган. Бироқ маршал ворис сифатида кучга тўла бошлагач, Мао уни «биринчи рақамли меросхўр»дан «биринчи рақамли сотқин»га айлантирди. 1971 йилда Лин Бяо ва унинг оиласи бўлган самолёт кутилмаган тасодиф билан ҳалокатга учради. Ўшанда маршал муваффақиятсиз фитнадан сўнг Москвага қочмоқчи бўлгани ҳақида расмий баёнот берилган.

Хитой армиясидаги сўнгги ҳибслар ва ишдан бўшатишлар фонида маршал Лин Бяо тарихи эсга олинмоқда.
Чжан Юсянинг ворис бўлишига имконият йўқ эди: 2022 йилда у Марказий ҳарбий кенгаш (МҲК) раиси ўринбосари этиб тайинланганида генерал 72 ёшда эди (ваҳоланки, мансаб ўсиши учун 68 ёшлик чегара белгиланган). Аммо Си Жинпингга Хитой ҳокимият тизимидаги энг нуфузли орган ҳисобланган МҲКда ўзининг мутлақо ишончли одами керак эди. Уларнинг оталари 1940 йиллардан бери бирга хизмат қилган, коммунистик Хитой асосчилари қаторида бўлган. Си ва Чжан «қизил шаҳзодалар» авлодига мансуб бўлиб, бир-бирларини ўн йиллар давомида билишган.
Шу боисдан ҳам генерал Чжан Юся нафақат Хитойда одатий ҳолга айланган коррупцияда, балки «армиянинг партия олдидаги масъулияти тизимига путур етказиш» ва «раиснинг ишончига хиёнат қилиш»да айбланаётгани ҳайратланарли. Шубҳасиз, Си ва унинг собиқ дўсти ўртасида қандайдир шахсий тўқнашув юз берган. Вазиятни янада оғирлаштириш учун Ғарб матбуотига гўё Чжан Юся Хитойнинг ядровий сирларини америкаликларга сотгани ҳақида маълумотлар «сиздирилди». Бу айбловнинг ҳақиқийлигига деярли ҳеч ким ишонмаса-да, бундай услуб генералнинг ишлари чатоқлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, МҲК таркибидан яна бир ҳарбий раҳбар — Марказий ҳарбий кенгаш бирлашган штаби бошлиғи Лю Чжэнли ҳам чиқарилди ва унга нисбатан ҳам тергов бошланди. Натижада, 2022 йилдаги ХХ қурултой тайинловларидан сўнг етти кишидан иборат бўлган ушбу органда энди фақат икки киши қолди: Си Жинпингнинг ўзи ва армияда тартиб-интизом ҳамда партия меъёрларини назорат қилувчи Чжан Шэнмин.

Раис Си ишончсиз деб топган барча шахсларни четлатмоқда
Си Жинпинг «тозалаш» ишларини 2024 йил июн ойида ҳарбий техника харидлари, ракета ва космик дастурлар учун масъул бўлган мудофаа вазири Ли Шанфуни лавозимидан четлатиш билан бошлаган эди. Ундан кейин армиядаги партиявий-сиёсий ишларни бошқарган Мяо Хуа кетди. Сўнгра 2025 йил октабрида армиянинг тезкор бошқарувига масъул бўлган МҲК раиси ўринбосари Хэ Вэйдун вазифасидан озод этилди. Уларнинг барчасига коррупция айблови қўйилди. Ўтган йилнинг охирида эса навбат Чжан Юся ва Лю Чжэнлига келди.
Бир томондан, бу Си Жинпинг Халқ озодлик армиясининг бутун бошқарувини ўз қўлида тўлиқ жамлаганини кўрсатади: интизом учун масъул бўлган Чжан Шэнмин ҳарбий ҳаракатларни тезкор бошқарувчи тажрибали қўмондонларнинг ўрнини боса олмайди. Иккинчи томондан, раҳбариятининг ҳозирги ҳолатида Хитой армияси жиддий жанговар вазифаларни бажаришга қодир эмас ва қатағонга учраган генераллар ўрнига янгилари келиб, ишни тўлиқ ўзлаштирмагунча бунга тез орада тайёр бўлмайди. Шу муносабат билан, кузатувчилар Тайванни эгаллаш бўйича операция ўтказиш хавфи яқин йилларга кечиктирилишини тахмин қилмоқда.
Си Жинпинг учун юқоридан пастгача коррупцияга ботган армияда «тартиб ўрнатиш»га Путиннинг Украинадаги ҳалокатли «махсус операцияси» туртки бўлган деб ҳисоблашга асослар етарли. Зеро, ушбу уруш «дунёнинг иккинчи армияси»нинг аянчли заифлигини фош қилди. Агар Хитой армияси жанговар ҳаракатларга киришса, Си Жинпинг бундай шармондаликка дуч келишни асло истамайди.

Генерал Чжан Юся нафақат Хитой Халқ Республикасида одатий ҳол бўлган коррупцияда, балки «армиянинг партия олдидаги жавобгарлиги тизимини бузиш»да ва «қўмита раисининг ишончига хиёнат қилиш»да ҳам айбланмоқда
Армиянинг ўзида сўнгги йиллардаги «тозалашлар» турлича кутиб олинмоқда. Бир қатор юқори лавозимлар бўшаши янги мартаба имкониятларини очаётган бўлса-да, барча генераллар доимий шубҳа остида қолмоқда. Энди «сотқин» ва «порахўр» деб топилганлар туфайли ўз мансабига эришган ҳарбийлар навбатдаги қурбон бўлишдан қўрқиб, раиснинг ғазабини хавотир билан кутиб яшамоқда.
Си Жинпингнинг ўзи эса 2027 йилда бўлиб ўтадиган ХКПнинг ХХI қурултойига ҳозирлик кўрмоқда. Унда раиснинг мамлакатни бошқариш бўйича тўртинчи муддатга қолиш режаси барча томонидан маъқулланиши шубҳасиз. Раис ҳозирданоқ ишончга кирмаган барча шахсларни четлатиб, ўзига замин ҳозирламоқда. Афтидан, майдонда унга қарши чиқа оладиган бошқа шахслар деярли қолмаган.
Teglar






