СИ учун ҳали эрта: нега уни ҳозир жорий этиш ривожланаётган мамлакатлар учун хавфли?

08.03.2026 | 11:405 daqiqa

Сунъий интеллект янги технология бўлиши мумкин, аммо у янги қарамликларни юзага келтиради. Мақсад ўзгармайди – ресурслардан рента олиш.

СИ учун ҳали эрта: нега уни ҳозир жорий этиш ривожланаётган мамлакатлар учун хавфли?

Сунъий интеллект атрофида шаклланган устун нарратив оддий тезисга бориб тақалади: тез ҳаракат қил ёки ортда қол. Ҳукуматлар бу технологияни имкон қадар тезроқ жорий этишга, уни агрессив тарзда кенгайтиришга ва юмшоқ тартибга солишга чақирмоқда, гўёки тезликнинг ўзи ривожланиш стратегиясидай. Бу тахмин нафақат хато, балки хавфли ҳам, деб ёзади «CLIKPAY Technologies» необанки ҳамтаъсисчиси ва Габоннинг рақамли иқтисодиёт ва инновациялар вазири Марк-Александр Думба.

Эрта автоматлаштириш: яширин хавфлар

Унинг айтишича, аслида, кўплаб ривожланаётган иқтисодиётлар учун асосий хавф СИни жуда эрта қабул қилиб қўйиши мумкинлигидадир, яъни рақамли инфратузилмани, самарали давлат институтларини ва меҳнат бозорининг иш билан таъминлаш ҳамда ходимларни мослаштириш имкониятларини яратиб улгурмасдан туриб.

«Мен бу хавфни эрта автоматлаштириш деб атайман, бу атама Дани Родрик (Ҳарвард университети Жон Ф. Кеннеди мактабининг Халқаро сиёсий иқтисодиёт профессори) тасвирлаган эрта деиндустриализация ҳодисасига ўхшаш. У ривожланаётган мамлакатларда саноатда бандликнинг, у ўзининг тўлиқ ўсиш салоҳиятини рўёбга чиқаришга улгурмасдан туриб, қисқаришини англатади», – дейди вазир.

СИни шошилинч жорий этиш ҳам эҳтимол шунга ўхшаш натижага олиб келади: иш ўринларининг йўқолиши, кўникмаларнинг йўқотилиши ва ривожланиш ўрнига тараққиётнинг секинлашиши.

Ким ишини биринчи бўлиб йўқотади?

Ривожланган иқтисодиётларда сунъий интеллект қариб бораётган ишчи кучини қоплаши ва интеллектуал меҳнат билан шуғулланувчи ходимлар самарадорлигини ошириши мумкин. Бироқ шаклланаётган бозорларга эга кўплаб мамлакатларда аҳоли анча ёш, иш билан таъминлаш имкониятлари эса чекланган. Ҳар йили тахминан 12 миллион ёш африкалик меҳнат бозорига киради, аммо уларнинг фақат 3 миллионигина расмий иш ўрнига эга бўлади. Бундай шароитда хизматлар соҳасида, масалан, мижозларга хизмат кўрсатиш, логистика, молия ёки ҳатто давлат бошқарувида тезкор автоматлаштириш ходимларни альтернатив имкониятлар пайдо бўлишидан олдин бозордан сиқиб чиқариши мумкин.

Лотин Америкаси ва Европанинг айрим қисмлари ҳам худди шундай хавфга дуч келмоқда: сунъий интеллектни парчаланган ва эскирган маъмурий тизимларга, шунингдек, самарадорлиги тўхтаб қолган тармоқларга жорий этиш, эҳтимол, ўрта малакага эга иш ўринларининг йўқолишига олиб келади, аммо янги ўсиш манбаларини яратмайди. Агар иқтисодиётининг асосий кўрсаткичлари заиф мамлакатлар сунъий интеллектга асосланган автоматлаштиришга «сакраб ўтиш»га уринишса, бу фақат уларнинг тузилмавий муаммоларини янада кучайтиради.

Давлат реестрлари қоғозда юритиладиган, тўлов тизимлари парчаланган ва маълумотларни бошқариш заиф бўлган шароитда сунъий интеллект моделлари сифатсиз маълумотлар асосида ўқитилади ва заиф инфратузилмага таянади. Натижада хатолар оммавийлашади, бирёқлама қарорлар мустаҳкамланади ва институтларга тушадиган босим ортиб боради.

Бундай ҳолатларга мисоллар етарли: давлат хизматларини олиш ҳуқуқини аниқлайдиган автоматлаштирилган тизимлар тўлиқ бўлмаган реестрлар сабаб қонуний олувчиларни ҳам чиқариб ташлаган; алгоритмларга асосланган қарор қабул қилиш воситалари шикоят қилиш механизмлари яратилмасдан жорий этилган; прогноз тизимлари маълумотлар ўзаро мослигини таъминламасдан ишга туширилган. Бу технологик носозликлар эмас, балки ислоҳотлар кетма-кетлигидаги хатоларнинг натижасидир.

СИ — рента олишнинг янги модели

Пухта ўйланган кетма-кетлик бўлмаса, мамлакатлар «хом» маълумотларни экспорт қилувчи ва бошқа давлатларда ишлаб чиқилган алгоритмлар, платформалар ҳамда бошқарув тизимларини импорт қилувчи ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Бу эса янги қарамликларни юзага келтиради. Қўшимча қийматнинг асосий қисми занжирнинг юқори босқичларида тўпланади, маҳаллий компаниялар ва ходимлар эса периферияда қолиб кетади ёки бутунлай бозордан сиқиб чиқарилади. Технология янги бўлиши мумкин, аммо мақсад ўзгармайди – ресурслардан рента олиш.

Бундай муҳитда маълумотларни бошқариш саноат сиёсатининг бир қисмига айланади. Маълумотлар ўзаро мослиги, мулкчилик ҳуқуқи ва стандартлар бўйича стратегия ишлаб чиқмаган мамлакатлар сунъий интеллект компанияларига қарам бўлиб қолади. Бундан қочиш учун асосий эътибор кетма-кетликка қаратилиши керак, яъни илғор технологияларни зарур асослар яратилгандан кейингина жорий этиш.

Бу шуни англатадики, аввал давлат реестрларини рақамлаштириш ва ягона рақамли давлат инфратузилмасини барпо этиш керак, шундан кейингина қарорларни автоматлаштиришга ўтиш мумкин. Шунингдек, сунъий интеллектни жорий этиш суръати инновацияларнинг барқарорлигини таъминлайдиган даражада бўлиши керак. Регулятор «қумқутилари», айрим соҳалардаги пилот лойиҳалар ва бандликка таъсирни баҳолаш ҳукуматларга ўрганиш, мослашиш ва сиёсатни тузатиш имконини беради.

Энг муҳими, иқтисодий беқарорликнинг олдини олиш. Автоматлаштириш инсон меҳнатини алмаштирмаслиги, балки уни тўлдириши керак. Ташкилотлар амалиёт орқали ўрганиш ва малака тўплаш қобилиятини сақлаб қолганда, сунъий интеллект ривожланишни тезлаштирувчи омилга айланади.

«Кеч қўшилган иштирокчи» мақоми ҳатто афзаллик ҳам бўлиши мумкин, чунки бу технологиялар тез тарқалишидан олдин ҳимоя механизмларини яратиш ва ривожланган мамлакатлар қилган хатолардан қочиш имконини беради. Масалан, Бразилия ҳукумати қўллаб-қувватлаган тезкор тўлов тизими «Pix» пухта ўйланган кетма-кетлик ва кучли давлат инфратузилмаси мамлакатга нафақат бошқаларга етиб олиш, балки глобал стандартларни белгилаш имконини берганини кўрсатади.

Бугунги кунда сунъий интеллектни тартибга солиш ҳақидаги муҳокамалар асосан этика, хавфсизлик ва илғор даражадаги хавфларга қаратилган. Бу муҳим мавзулар бўлса-да, кўпчилик мамлакатлар учун янада долзарб муаммо сунъий интеллект имкониятлари билан институционал тайёргарлик ўртасидаги номутаносибликдир. Бу муаммони ҳал қилиш учун сиёсатчилар ва манфаатдор томонлар бир нечта саволга жавоб топиши керак: қўшимча қийматни ким оляпти; ишлаб чиқариш кўникмалари қандай шаклланмоқда; ходимлар билан нима содир бўляпти; ва технология мавжуд давлат салоҳияти билан қандай ўзаро таъсирга киришмоқда.

«Эрта автоматлаштириш, Дани Родрик таърифлаган эрта деиндустриализацияга ўхшаб, иқтисодиётларни янада заиф ва қарам қилиб қўяди. Африкага ўзи иштирок этишга рози бўлмаган мусобақада ғолиб чиқиш шарт эмас. Бу ҳолат кўплаб ўрта даромадли мамлакатлар, ҳатто самарадорлиги стагнацияга учраётган ва ижтимоий муаммоларга дуч келаётган ривожланган иқтисодиётларга ҳам тегишли. Уларга сунъий интеллект бўйича қуйидаги мантиққа асосланган стратегия керак: рақамлаштириш автоматлаштиришдан олдин келади, салоҳият яратиш масштаблашдан олдин бўлади, бошқарув эса технологияларни кенг жорий этишдан олдин туриши керак», – дейди Марк-Александр Думба.

Маълумотлар, яримўтказгичлар ва булут инфратузилмаси учун геосиёсий рақобат тобора кучайиб бораётган даврда тўғри кетма кетлик суверенитет воситасига айланади. У мамлакатларга технологиялар билан ўз шартлари асосида ишлаш имконини беради. Сунъий интеллект албатта беқарорлаштирувчи куч бўлиши шарт эмас. Аммо сиёсатчилар бошқара олмайдиган тизимларни шошилинч жорий этса, у деярли аниқ равишда шундай кучга айланади.

Teglar

Mavzuga oid