Сўнгги 8 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 230 млрд доллар инвестиция киритилди

22.10.2025 | 19:222 daqiqa

Ўзбекистонда «соядаги бизнес»ни қонунийлаштириш натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, хусусий секторда бандлар сони 3 млн нафарга етди.

Сўнгги 8 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 230 млрд доллар инвестиция киритилди

Тошкент шаҳрида 21 октябр куни «Business Port» тадбиркорлар ҳамжамиятининг илк форуми бўлиб ўтди. Унда турли ҳудудлардан 250 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхона раҳбарлари қатнашди. Тадбирда бизнес соҳасидаги муаммолар, тажриба алмашиш, ҳамкорлик имкониятлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижалари муҳокама қилинди.

«Business Port» қандай лойиҳа?

Лойиҳа — бу кичик, ўрта ва йирик бизнес вакилларини, уларнинг айланмаси, фаолият кўлами ёки йўналишидан қатъи назар, яқинлаштирадиган, уларга бир-биридан ўрганиш, илҳомланиш ва биргаликда ўсиш имкониятини берувчи очиқ ҳамжамиятдир.

Қандай натижаларга эришилди?

Ҳозирда лойиҳа иштирокчилари бўлган 250 дан ортиқ корхона томонидан 267 мингга яқин иш ўрни яратилган. Уларининг умумий товар айланмаси 192 трлн сўмни, экспорт ҳажми эса 1,7 млрд долларни ташкил этади.

Сўнгги саккиз йил ичида мамлакат иқтисодиётига 230 млрд доллар инвестиция киритилган бўлиб, шундан 120 миллиард доллари хорижий сармоядир. Шу даврда 1 600 та микрокорхона ўрта бизнесга айланган, 143 та корхона эса 100 млрд сўмдан ортиқ айланмага етиб, йирик бизнес тоифасига кирган.

Шунингдек, 2024 йилда айланмаси 1 трлн сўмдан ошган 203 та корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда улар сафига яна 47 та корхона қўшилган. «Соядаги бизнес»ни легаллаштириш бўйича ҳаракатлар натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайган ва хусусий секторда бандлар сони 3 миллион кишига етган.

Тадбир якунида 49 нафар тадбиркор давлат мукофотлари, 112 нафари эса «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Teglar

Mavzuga oid