
Сунъий интеллект одамларнинг ишини олиб қўймоқда: Нобел мукофоти соҳибидан огоҳлантириш
Нобел мукофоти соҳиби Жеффри Ҳинтон сунъий интеллект 2026 йилга келиб миллионлаб иш ўринларини алмаштириб, глобал қашшоқлик хавфини кучайтиришини айтди.

Сунъий интеллект технологиялари 2026 йилга бориб меҳнат бозорига жиддий зарба бериши мумкин. Бу ҳақда Нобел мукофоти соҳиби, сунъий интеллект соҳасидаги етакчи олимлардан бири Жеффри Ҳинтон CNNга берган интервюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект аллақачон жуда юқори самарадорликка эга ва яқин йилларда кўплаб касбларни тўлиқ алмаштириш даражасига етади. Хусусан, колл-марказлар, техник қўллаб-қувватлаш хизматлари ва стандарт офис вазифалари энг биринчи навбатда автоматлаштирилади.
Ҳинтоннинг таъкидлашича, сунъий интеллект моделларининг самарадорлиги тахминан ҳар етти ойда икки баравар ошмоқда. Бу эса дастурлаш соҳасида кескин ўзгаришларга олиб келмоқда: аввал соатлаб бажариладиган вазифаларни алгоритмлар энди бир неча дақиқада амалга ошираяпти.
Олимнинг фикрича, яқин бир неча йил ичида сунъий интеллект мустақил равишда катта дастурий лойиҳаларни ҳам бажара олади. Ҳозир ойлаб иш талаб қиладиган дастурий таъминот ишлаб чиқиш жараёнлари учун келажакда жуда кам сонли мутахассислар кифоя қилади.
Жеффри Ҳинтон 2023 йилда Google компаниясини тарк этганидан сўнг унинг хавотири янада ортганини тан олди. Унинг айтишича, сунъий интеллект нафақат таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш қобилиятини тез ривожлантиряпти, балки айрим ҳолларда мақсадга эришиш учун инсонларни чалғитиш имкониятига ҳам эга бўла бошлаган.
Шу билан бирга, олим технологиянинг тиббиёт ва иқлим тадқиқотларидаги ижобий таъсирини инкор этмайди. Аммо у глобал миқёсда хавфларни камайтиришга етарлича эътибор берилмаётганини таъкидлайди. Компаниялар учун асосий мезон — иқтисодий фойда бўлиб қолмоқда, хавфсизлик эса кўп ҳолларда иккинчи даражага сурилмоқда.
Ҳинтоннинг фикрича, замонавий иқтисодий тизимда ходимларни алгоритмлар билан алмаштириш молиявий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Бу эса бой қатламни янада бойитиб, аҳолининг катта қисмини даромад манбаисиз қолдириши мумкин.
Олим сунъий интеллект оммавий жорий этиладиган шароитда ижтимоий сиёсат, қайта тайёрлаш дастурлари ва даромадлар тақсимоти масалалари ҳал этилмаса, янги қашшоқлик тўлқини юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.


