Сурхондарёда ҳоким ўринбосари ва Наманганда ҳоким ёрдамчи пора билан қўлга олинди
Наманганда ҳоким ёрдамчиси ўзининг қариндошига тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 43 сотих ер майдонининг 20 сотих қисмини танишлари орқали бошқа фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилган.
© Видеодан кадрСурхондарёда ҳоким ўринбосари ва Наманганда ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Сурхондарё вилоятидаги ҳолатда Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 9 гектар ер майдонини Шеробод туманида яшовчи фуқарога полиз экинлари экиш учун 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилади ва 2026 йилнинг йилнинг январь ойида 30 млн сўм олади.
У қолган 60 млн сўмни Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилоятидаги ҳолатда эса Чуст туман ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси 2022 йилда «Садача» кичик саноат зонаси ҳудудидан ўзининг қариндошига тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 43 сотих ер майдонининг 20 сотих қисмини ҳокимиятдаги танишлари орқали 1982 йилда туғилган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Ҳоким ёрдамчиси олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушади.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





