Тошкент бош режаси баҳорда ўзгартирилиши мумкин – Murad Buildings
Murad Buildings раҳбариятининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланганига бир йил тўлмай, унга илк муҳим ўзгартиришлар киритилади.
© Foto: Yevgeniy Sorochin / SpotТошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига шу йил баҳорда ўзгариш киритилиши мумкин. Бу ҳақда Murad Buildings операцион директори Вячеслав Кривошеев маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.
Нашрга кўра, Кривошеев бу тўғрисида Тошкентда ўтаётган Move Real Estate Summit саммитида сўз очган. Унинг айтишича, ҳозир бозорда ер участкасини сотиб олиш тартиби «бирмунча маданийлашган». Бир йил олдин бозор «мутлақо спекулятив» ҳолатда, «ҳаётдан ва иқтисодиётдан узилиб қолган» эди. Хусусан, йирик ер эгалари участкаларни молиявий моделларга мос келмайдиган нархларда сотган, бу эса маблағ етишмовчилиги ва лойиҳаларнинг тўхтаб қолишига олиб келган.
«Кимдир иқтисодий ҳисоб-китобни нотўғри қилган, лойиҳага кириб таваккал қилган, бироқ уни ўз вақтида амалга оширишга улгурмаган», - дея қўшимча қилган Вячеслав Кривошеев.
Murad Buildings топ-менежери ер бозорида иккита асосий йўналиш шаклланганини таъкидлаган: пойтахтда реновация (brownfield) ва Янги Тошкентда нолдан қурилиш (greenfield). Пойтахтда Янги Тошкент дирекцияси, «Tashkent Invest» компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали давлат ягона лендлорд ҳисобланади.
«Шаҳарда хусусий ер эгалари ҳам қолмоқда. Бироқ, Тошкент бош режасининг тасдиқланиши вазиятни кескин ўзгартирди: ҳужжат қурилиш қаватларини асосан 5−8 қават, камдан-кам ҳолларда эса 9 қават билан чеклайди. Лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги учун ушбу участкаларда премиум объектларни қуриш керак, буни ҳар доим ҳам уддалаб бўлмайди», - деб тан олди Кривошеев.
«Ўзини воситачи деб атаб, қаватлар сони масаласини ҳал қилиши ёки бош режага ўзгартириш киритиши мумкинлигини айтадиган айрим шахслар бор. Уларга ишонмаслик керак. Лойиҳаларни ва бош режага киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришларни кўриб чиқадиган маълум қоидалар ва комиссиялар мавжуд. Бундай лойиҳалар жуда кам. Улар айнан шу баҳорда эълон қилинади — биз бу қарор чиқишини кутмоқдамиз. Келажакда бош режага ўзгартириш киритиш жуда мушкул бўлади», - дея таъкидлаган Murad Buildings вакили.
Мурод Назаров бу ҳақда аввалроқ айтганди
2025 йил 17 июл куни «Murad Buildings» қурилиш компанияси асосчиси, тадбиркор Мурод Назаров Тошкент бош режасига киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида маълум қилганди.
«Мана, Худо хоҳласа, кутяпмиз. Тошкент шаҳрининг бош режасига коррекция киритиляпти. Худо хоҳласа, яқинда чиқиб қолади. Ва [бош режага кўра], Тошкент шаҳрини оладиган бўлсак, қурилишлар бундан буён асосан ё реновация, ё реконструкция ҳудудларида бўлади», — деганди у.
Бироқ, орадан кўп ўтмасдан Қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Адилов Мурод Назаровдан Тошкент бош режасини ўзгартириш бўйича ҳеч қандай таклиф олмаганини ва уларни кўриб чиқишни режалаштирмаётганини айтган.
Тошкент бош режаси ҳақида
Маълумот учун, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси 2024 йил охирида тасдиқланган бўлиб, унга кўра пойтахт ҳудуди консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган эди. Бироқ, кейинчалик Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакили Азиз Халилов бинолар қаватлари бўйича эскирган меъёрлар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини таъкидлади. Хусусан, илгари 5 қаватли чеклов ўрнатилган жойларда 16 ва ундан баланд иншоотларни қуриш имконияти илмий-тадқиқот институтларининг сейсмик чидамлилик экспертизаси хулосалари асосида баҳоланмоқда. Лойиҳалар мажбурий эксперт назоратидан ўтказилиши ва қурилиш учун рухсатномалар фақат тасдиқланган бош режа талабларига қатъий мувофиқ ҳолда берилиши қатъий белгилаб қўйилган.





