Тошкентда автобусларнинг йўловчи ташишдан олган даромади маълум қилинди

25.02.2026 | 15:402 daqiqa

Рақамлаштириш ва оралиқ вақт қисқартирилиши натижасида пойтахт автобусларида кунлик йўловчи оқими 1,4 миллионга етди.

Тошкентда автобусларнинг йўловчи ташишдан олган даромади маълум қилинди

2025 йил якунларига кўра, Тошкент шаҳрида автобусда йўловчи ташишдан олинган даромад 644,6 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 90,2 миллиард сўмга ёки 16,2 фоизга кўпдир. Йил давомида жами 412,4 миллион йўловчи ташилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 85,7 миллионга ошган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, йўл ҳақи тўловининг тўлиқ рақамлаштирилиши тушумларни ошириш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилган.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Рақамли транспорт маркази лойиҳа раҳбари Убайдулла Эргашевга кўра, ҳар бир автобус қатнови, бекатларга тўхташи ва жадвалга риояси тўлиқ назоратга олинган.

«Ҳар битта автобуснинг қатнови, аниқ бажарилиши керак бўлган вақти, бекатларга тўхташи, вақтида чиқиб кетиши — ҳаммаси тўлиқ назоратга олиниб, қатновлари учун олинадиган даромадлар аниқланади. Автобусларга махсус йўловчилар оқимини ҳисобловчи қурилмалар ўрнатилган», деди у.

Йўловчи оқимининг ошиш сабаби

Тошкент йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш маркази директори ўринбосари Алимардон Абдуллаевнинг маълумотларига кўра, автобуслар ҳаракат интервали икки баробарга қисқариб, 18–20 дақиқадан 8–10 дақиқага тушган. Натижада кунлик йўловчи оқими 650 мингдан 1,4 миллионгача кўпайган.

2025 йил 1 январдан пойтахт автобусларида нақд пулда тўлов бекор қилинди. Йўл ҳақини ATTO транспорт ва виртуал карталари, UzCard ва Humo контактсиз карталари, Visa, MasterCard, UnionPay тўлов тизимлари ҳамда Click, Uzum ва Plum иловалари орқали амалга ошириш мумкин. Нақд пулда эса 3000 сўмлик бир марталик QR-чипта сотиб олинади, нақд пулсиз тўлов эса 1700 сўмни ташкил этади.

Транспорт назорати инспекцияси маълумотига кўра, 2026 йил бошидан буён 18,6 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини ўз вақтида тўламагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Расмийлар қайд этишича, рақамлаштириш ҳайдовчиларни нақд пул билан боғлиқ ҳисоб-китобдан халос қилиб, ҳаракат хавфсизлиги ва шаффофликни таъминлаган.

Teglar

Mavzuga oid