Украина уруш тақдирини ўзгартириши мумкин бўлган тизим устида ишлаётгани маълум бўлди
Қорабоғ уруши ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бир ҳақиқатни юзага чиқарди: қиймати миллионлаб доллар турадиган танклар ўнлаб баробар арзон дронлар қаршисида ожиз қолди. Танк ўз даврининг «қироли» мақомини йўқотдими? Украина Қуролли Кучлари бу тенденцияни ўзгартиришга уринмоқда.

44 кунлик Иккинчи Қорабоғ уруши ва ундан кейин Украинада бошланган кенг кўламли уруш қуролли тўқнашувларда танкларнинг ва умуман, барча зирҳли техникаларнинг роли ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартириб юборди.
Қорабоғ урушида Озарбойжон армиясининг «Bayraktar TB2» ва бошқа зарбадор дронлари Арманистоннинг зирҳли техникаларини оммавий равишда йўқ қилди. Баъзида душман техникаларига ҳаттоки жанговар позицияга чиқишга ҳам имкон берилмади. Бу ҳолат дунёнинг етакчи давлатлари, жумладан, АҚШ ва Россияни ўз ҳарбий доктриналарини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Жанг тажрибаларини таҳлил қилган ҳарбий мутахассислар танклар жанг майдонидаги асосий зарбадор куч мақомини йўқотмоқда, деган хулосага келишди. Сабаби оддий: қиймати миллионлаб доллар турадиган зирҳли техникалар ўзларидан ўнлаб баробар арзон бўлган дронлар ёки улардан учириладиган ракеталар орқали осонгина маҳв этилмоқда.
Мутахассислар танкларни дронлардан ҳимоя қилиш йўлларини топишга ҳаракат қилишган. 2021 йилнинг охирида Россиянинг Украина чегарасига яқин ҳарбий полигонларидан бирида тепа қисмига оддий металл конструкциялар пайвандланган Т-72 ва Т-90 танклари кўриниш берди. Ўша вақтда Россия қўшни давлатга бостириб киришга ҳозирлик кўраётган ва чегарада қўшин тўплаётган эди.
Бу ғайриоддий танкларни кўрган ҳарбий таҳлилчилар улар айнан Украинага ҳужум қилиш учун ҳозирланмоқда, деган хулосага келишди. Зеро, Украина Қуролли Кучлари Туркиядан аллақачон «Bayraktar TB2» дронларини сотиб олган бўлиб, Россия танклари бундай қурол қаршисида ожиз қолиши кундек равшан эди.
Тўғри, уруш давомида бу турдаги металл конструкциялар (армия жаргонида — «мангал») танкларни дронлардан асраб қола олмади: улар танк минораси билан қўшилиб портлаб кетаверди. Шунга қарамай, танкнинг энг заиф нуқталари — минораси ва ёнилғи бакларини ҳимоя қилиш мақсадида шундай металл «шлем»ларни ўрнатиш амалиёти кенг тарқалди. Бошқа бирорта самарали ҳимоя воситаси кўринмаётган бир пайтда, бу «шлем»лар танкнинг омон қолиши учун оз бўлса-да умид берарди.

Кейинчалик дронларнинг турлари янада кўпайиб, ҳар икки томон улардан оммавий равишда фойдалана бошлади ва тепасига металл конструкция пайванд қилинган танклар жанг майдонида тобора камроқ кўринадиган бўлди. Олдинга силжишга уринган ҳар қандай танк душман дронларининг узлуксиз ҳужумига дучор бўларди. Тўғри, баъзида битта танкни йўқ қилиш учун ўнлаб FPV-дронларини сарфлашга тўғри келарди. Бироқ бундай ўқ-дориларнинг умумий нархи йўқ қилинган техника қиймати олдида барибир арзимас эди.
Украинадаги тўрт йилдан ортиқ давом этаётган кенг кўламли уруш ҳар икки томондаги танклар сонини сезиларли даражада камайтириб юборди. Масалан, Украина Бош штабининг ҳисоб-китобларига кўра, 3 июн ҳолатига келиб Россия қарийб 37 минг дона зирҳли техникасидан — жумладан, тахминан 12 мингта танк ва 24,7 мингта жанговар зирҳли машинасидан айрилган.
«Oryx» халқаро таҳлилий лойиҳаси маълумотларига кўра эса, Украинанинг уруш давомидаги зирҳли техника йўқотишлари қарийб 6 минг донани ташкил қилиб, уларнинг 1,4 мингга яқини танклардир.
Бу шунчалик улкан рақамки, у ҳатто Франция ёки Германия каби йирик Европа давлатларининг бутун бошли зирҳли танк паркидан ҳам ўнлаб баробар кўпдир.
Шу тариқа, Украина урушида танклар ўзларининг аввалги ролини йўқотганини тан олишга тўғри келди. Ҳозирда улардан ҳужум операцияларида эмас, балки кўпроқ мудофаа вазифаларида ёки артиллерия ўрнини босувчи восита сифатида ёпиқ позициялардан туриб ўт очишда фойдаланилмоқда. Бунда танк нишонга тўғридан-тўғри қараб эмас, балки бошпанада турган ҳолда координаталар бўйича зарба беради. Бу эса душманнинг жавоб зарбасига дучор бўлиш хавфини минималлаштиради.

Бироқ сўнгги маълумотларга қараганда, Украина қўмондонлиги танкларни қайтадан жангга киритиш ва улардан самарали фойдаланиш йўлларини аллақачон топган ёки шунга яқин турибди. Би-би-сининг Украина хизмати томонидан ўтказилган суриштирувга кўра, Украина Қуролли Кучлари (УҚК) қўмондонлиги яқин орада «танкларнинг заифлиги» тенденциясини ўзгартиришга қатъий қарор қилган.
Гап шундаки, Украина зирҳли техникага ҳужум қилаётган дронларни (ва бошқа таҳдидларни) мустақил кузатиб бориб, уларни масофадан туриб йўқ қиладиган фаол ҳимоя мажмуасини (ФҲМ – КАЗ) яратмоқда. Бундай тизим фронтдаги «kill-zone»га (ўлим ҳудудига) танкларни қайтариш, логистикани тиклаш ва ҳатто анчадан бери унутилган механизациялашган ҳужум амалиётига қайта уриниб кўриш имконини беради.
«Ҳозир бутун диққат марказимизда техниканинг фаол ҳимоя мажмуаси турибди. Усиз қўшинларнинг манёвр қобилиятини тиклаш мумкин эмас», — дейди УҚК олий қўмондонлиги вакили.
Унинг сўзларига кўра, украиналик ишлаб чиқувчиларда аллақачон истиқболли лойиҳалар мавжуд бўлиб, уларни тезроқ синовдан ўтказиш ва амалиётда қўллаш даражасига етказиш зарур.
Мулозимнинг таъкидлашича, ушбу ҳимоя тизимлари нафақат оғир зирҳли техникаларга, балки сўнгги ойларда фронт логистикасида оммавий қўлланилаётган ЕРМларга (ер усти роботлаштирилган мажмуаларига) ҳам ўрнатилиши керак. Сабаби, уларнинг аксарият қисми душманнинг учувчисиз учиш аппаратлари томонидан айнан «kill-zone»да йўқ қилинмоқда. Шу боис, бу роботларнинг омон қолиш қобилиятини ошириш ўта долзарб масалага айланган.

Май ойининг бошларида УҚК бош қўмондони ўринбосари, бригадали генерал Андрей Лебеденко Украинанинг ФҲМ тизими урушнинг боришини тубдан ўзгартириб юборувчи омилга айланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
«Бугунги кунда қурол-яроғ ва ҳарбий техникани душманнинг зарбадор дронларидан фаол ҳимоя қилиш энг устувор йўналиш ҳисобланади. Биз самарали ечимларни изламоқдамиз. Оғир техникалардаги зирҳни шунчаки қалинлаштириш билан чекланиб қолмай, интеллектуал ҳимоя тизимларини ривожлантириш йўлидан боришимиз керак», — деган эди у «Drone Autonomy 2026» конференциясида.
Бош қўмондон ўринбосари дронларни аниқлаш ва идентификация қилиш қурилмаларини ҳам, уларни йўқ қилиш воситаларини ҳам ягона тизимга бирлаштириш зарурлигини алоҳида қайд этган.
«Бизда аллақачон айрим элементлар — тўр отувчи қурилмалар ва ақлли туреллар (минорали мосламалар) мавжуд. Аммо улар ягона тизимга бирлаштирилмаган. Айнан мана шундай интеграциялашган тизим урушнинг боришини тубдан ўзгартириб юборадиган "геймченжер"га айланиши мумкин», — дейди генерал Лебеденко.
Фаол ҳимоя мажмуаси бу — ҳаводаги таҳдидларни аниқлаш учун мўлжалланган радиолокация (РЛС) ёки оптик станциялар, уларни кузатиб борувчи ва тутиб олиш траекториясини ҳисоблаб чиқувчи модуллар ҳамда яқинлашиб келаётган нишонни уриб туширувчи воситалар (туреллар ёки учириш қурилмалари)дан иборат яхлит тизимдир.
Бироқ бу тизимлар зирҳли техника учун асосий хавф танкка қарши гранаталар ва бошқариладиган ракеталар бўлган бир даврда ишлаб чиқилган эди. Хўш, улкан танкларни митти дронлардан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Бу ҳанузгача ўз ечимини топмаган муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳозирда нафақат Украина, балки Россия, АҚШ, Германия ва Исроил каби қатор давлатларнинг ҳарбий мутахассислари ҳам ушбу масала устида бош қотирмоқда.

Украинанинг фаол ҳимоя мажмуалари (ФҲМ) ҳақидаги маълумотлар жуда оз. Зирҳли танк техникаси бўйича мутахассис Николай Саламаха таъкидлашича, бир неча йил олдин маҳаллий мутахассислар «Заслон» деб номланган ФҲМни яратишган, аммо у охир-оқибат қабул қилинмай қолиб кетган. Унинг сўзларига кўра, тизимда аниқлик, механика ва тезкорлик билан боғлиқ муаммолар бўлган, шунингдек, у Ғарбдан келтириладиган бутловчи қисмларга қарам бўлган.
«Украинада бундай тизимларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган ва яқин вақт ичида бунинг имкони топилишига ҳам кўзим етмайди. Шу сабабли, тез орада ўша «Заслон»ни ёки ҳеч бўлмаганда унинг аналогини ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта», — деб ҳисоблайди эксперт.
2026 йилнинг мартида ҳарбий соҳага ихтисослашган «Defense Express» нашри дронларни аниқловчи маҳаллий «I-SEE» тизими келажакда Украина зирҳли техникаларининг фаол ҳимоя мажмуаси учун асос сифатида кўриб чиқилаётганини хабар қилди. Ушбу маълумотни ОАВга тизим ишлаб чиқувчиларининг ўзлари тақдим этган.
«I-SEE» — бу учувчисиз учиш аппаратларини визуал аниқлашда сунъий интеллект ва сунъий кўриш технологияларига асосланган тизимдир. У дронларни шунчаки қайд этибгина қолмай, балки нишонга олинган объектни автоматик равишда кузатиб боришни ва уни махсус воситалар ёрдамида йўқ қилишни ҳам таъминлайди.

Украинанинг «Змей» номли ер усти роботлаштирилган мажмуаларини ишлаб чиқарувчи «Rovertech» компанияси вакиллари ҳам ўзларининг фаол ҳимоя мажмуасини яратиш устида иш олиб бораётганини маълум қилишган. Уларнинг ғоясига кўра, сунъий интеллектга асосланган сенсорлар техника атрофидаги дронларни аниқлаб, уларга қарата тўр отувчи қурилмаларни ишга туширади. Бунда энг муҳим талаблар шуки: мазкур ФҲМ ҳам арзон бўлиши, ҳам нишонни аниқ таниб олиб, ёлғон сигналларга чалғимаслиги ва юқори аниқликни таъминлаши зарур.
Агар ишлаб чиқувчилар барча муаммоларни ҳал қилиб, ушбу тизимни мураккаб жанг шароитида ҳаракатланаётган техникаларга муваффақиятли ўрната олса, Украина сезиларли устунликка эришиши мумкин.
Бу ўринда гап фақатгина фронтдаги логистика ва аскарлар алмашинуви (ротация) хавфсизлиги ҳақида эмас, балки танкларга урушдаги ўзига хос ролини қайтариб бериш имконияти ҳақида ҳам бормоқда.
«Ҳужумга ўтаётган пиёдаларни яқин масофадан ўт очиб қўллаб-қувватлаш учун танкдан бошқа восита йўқ. Ҳужум вақтида ҳар бир пиёдалар бўлинмасини ихтиёрида 20–30 та дрони бўлган операторлар гуруҳи қўллаб-қувватлай олмайди. Шунчаки армияда бунча кўп дрон бошқарувчиларининг ўзи йўқ. Танк ёки пиёдаларнинг жанговар машинасида эса бу вазифани уддалаш учун етарлича ўқ-дори бўлади», — дейди ҳарбий эксперт Николай Саламаха.
«Яна бир масала шундаки, ҳозирча ҳеч ким танклардан худди 10–12 йил олдингидек кенг миқёсда фойдаланиш имконини берадиган ҳаракат тактикаси ва ҳимоя тизимини топа олгани йўқ», — дея қўшимча қилади у.
Экспертнинг фикрича, бу муаммо албатта ўз ечимини топади, аммо бунинг учун камида яна бир неча йил вақт керак бўлади.





