
Украинадаги уруш тақдирини Хитой заводлари ҳал қилмоқда — FT
Икки душман мамлакат вакиллари бир хил деталлар учун бир хил заводга келади, лекин Хитой компаниялари уларнинг учрашиб қолишига йўл қўймайди.
© Фото: ft.com Россия ва Украина Хитой дронлари ҳамда уларнинг асосий бутловчи қисмлари учун кескин рақобатга киришди. Бу ҳақда «Financial Times» (FT) Хитой фабрикаларидаги вазият таҳлилига таяниб хабар бермоқда.
Рақобат бевосита фронт чизиғидан анча узоқда — Жанубий Хитойдаги заводлар ва савдо майдонларида авж олган. Газетанинг қайд этишича, урушдаги технологик мувозанат айнан ўша ерда шаклланмоқда.
Хитой деталларига қарамлик
Нашр таҳлилчиларининг таъкидлашича, ҳар икки томондаги йўқотишларнинг 75 фоизигача қисми жанговар дронлар ҳиссасига тўғри келади. Москва ва Киев дрон ясашни фаол ривожлантираётган бўлса-да, деярли тўлиқлигича Хитой деталларига қарам. Парвоз масофаси, нишон аниқлиги ва зарба самарадорлигини айнан Хитойдан келтирилган камералар, моторлар, процессорлар ва батареялар белгилаб беради. FT'нинг изоҳлашича, бу қисмлар Ғарбдаги муқобилларидан анча арзон ва катта ҳажмда мавжуд.
Бир хил завод — икки душман
Маълум бўлишича, Украина ва Россия кўпинча бир хил хитойлик ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилади. Хитой компаниялари эса икки мамлакат вакилларининг ўзаро тўқнаш келиб қолмаслигига ҳаракат қилади. Ҳамкорлар турли вақтларда қабул қилинади, хизмат эшикларидан олиб кирилади ва ташриф жадваллари қатъий назорат қилинади. Мақсад оддий — рақобатчиларнинг бевосита учрашиб қолишига йўл қўймаслик.
Газетанинг аниқлик киритишича, технологик янгиликлар ҳар икки томонга ҳам тез етиб боради. Агар украиналик ҳарбийлар рус дронларида янги детални пайқаб қолса, муҳандислар дарҳол унинг ишлаб чиқарувчисини аниқлайди. Шундан сўнг улар тўғридан-тўғри ўша заводдан худди шундай ускунага буюртма беради. Бу жараён тескари йўналишда ҳам худди шундай ишлайди.
Пекин — яширин ҳакам
Расмий Пекин ўз нейтраллигини ва «нозик» технологиялар экспорти тақиқланганини даъво қилади. Бироқ Ғарб разведкаси ва Украина расмийларининг таъкидлашича, Хитой ҳукумати амалда россиялик харидорларга ён босмоқда. Маълумотларга кўра, санкцияларга қарамай, Россиянинг йирик компанияларига устуворлик берилмоқда ва улар ҳатто бутун бошли ишлаб чиқариш линияларини Хитойга кўчириб ўтказмоқда.
Гарчи Украина дрон ишлаб чиқаришни ўз ҳудудида маҳаллийлаштиришга интилаётган бўлса-да, оддий зарбдор аппаратлар учун бутловчи қисмларнинг қарийб 85 фоизи ҳали ҳам Хитойдан келтирилмоқда, деб ёзади FT. Шу билан бирга, Хитой дунёдаги барча тижорий дронларнинг 80 фоизини ишлаб чиқаради ва уларнинг энг муҳим қисмлари тайёрланишини ўз назоратида ушлаб турибди.
Экспертларнинг фикрича, Пекин ушбу рақобатнинг яширин ҳакамига айланган. Хитойлик етказиб берувчиларнинг қарорлари армияларнинг имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Газетанинг хулоса қилишича, жанглар тақдири тобора фронт чизиғига эмас, балки Хитойдаги шартномалар, музокаралар ва логистикага боғлиқ бўлиб қолмоқда.





