Уруш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

02.03.2026 | 22:284 daqiqa

Яқин Шарқда уруш алангаси кучайди. Нефт қимматлашди, олтин рекорд даражага яқинлашди, логистика йўллари хавф остида қолди. Ўзбекистон учун бу жараён қандай иқтисодий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин? Батафсил Vaqt.uz'да танишинг:



2026-йилнинг 28 феврали, қишнинг сўнгги кунида АҚШ Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаганини маълум қилди. Ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий ўлдирилди ва Эронда 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилинди. 

Эрондаги нотинчликлар, кенгайиб кетиши мумкин бўлган уруш Ўзбекистон иқтисодиётига бир қанча жабҳаларда таъсир қилиши мумкин. Vaqt.uz урушнинг иқтисодиётга асосий таъсирлари ҳақида маълумот беради. 

Ташқи савдода муаммолар

Эрон ташқи савдода Ўзбекистоннинг ТОП 20 ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2025-йилда икки давлат орасида 578,9 млн долларлик савдо қилинган. 

Бунда Ўзбекистоннинг Эронга экспорти 157,4 млн доллар, импорти эса 421,5 млн долларни ташкил қилган. Яъни Эрон Ўзбекистон учун камроқ олиб, кўпроқ сотадиган ҳамкор ҳисобланади. 

Уруш оқибатида таъминот занжирлари узулиши, логистика муаммолари Ўзбекистонга Эрондан импорт-экспорт қилишни қийинлаштиради. 

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларидан кейин Эрон ҳам АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари ва объектларига ҳужум уюштирди. Рўйхатда Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорларидан бири, Эрондан ҳам кўпроқ савдо қилинадиган (1,3 млрд доллар, Топ 10 ликда) БАА ҳам бор. 

Шу сабабли, урушнинг эҳтимолий кенгайиши ташқи савдода мамлакат учун жиддий муаммоларни юзага келтиради. 

Эрондан асосан нималар олиб келинади? 

Энг машҳур маҳсулотлардан бири — араб ҳурмоси. Ўзбекистон араб ҳурмосини айнан энг кўп Эрондан импорт қилади. 2025-йилда Эрондан 11 минг тонна араб ҳурмоси импорти амалга оширилган бўлса, бу умумий импортни 78,6 фоизини ташкил қилади. 

Урушнинг жиддий тус олиши ва узоқроқ давом этиши Ўзбекистонда араб ҳурмоси тақчиллигини келтириб чиқариб, нархни сезиларли ўсишига олиб келиши мумкин. 

Араб ҳурмоси импорт қилинадиган ягона муҳим маҳсулот эмас. Мамлакатга олиб келинадиган апельсиннинг ҳам ярмидан кўп муаммолар гирдобидаги Эрондан импорт қилинади. 

Бундан ташқари, Эрон Ўзбекистонга цемент етказиб бериш бўйича Қозоғистондан кейинги ўринда туради. Мамлакатга хориждан олиб келинадиган цементнинг 43 фоизи Эрон ҳисобига тўғри келади. 

Шунингдек, нок, чой, лимон, гилам каби бошқа маҳсулотларнинг импортида ҳам Эрон етакчи ўринларда туради. 

Эрондаги уруш Ўзбекистонга бошқа потенциал бозорларни топиш вазифасини қўяди. 2026-йилда аъзо бўлиши кутилаётган Жаҳон савда ташкилоти бунга қисман ёрдам бериши мумкин. 

Энергия нархлари ошмоқда

Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар ортидан нефт нархи сўнгги тўрт йилдаги энг катта ўсишни қайд этди. Дастлаб эталон марка — Брент нархи 2-март куни 13 фоизгача қимматлаб, 2025 йил январидан бери энг юқори кўрсаткичга етди. 

Кейинчалик ўсиш суръати секинлашиб, Тошкент вақти билан соат 17:30 ҳолатига кўра, баррел учун тахминан 79 доллар атрофида шаклланмоқда.

Бундан ташқари, газ, бензин ва дизел нархлари ҳам жаҳон бозорларида ўсишда давом этмоқда. Бу энергия маҳсулотлари қимматлашиши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсир қилади. 

Масалан, январ ойида Ўзбекистон газ импортини 7 баробарга ошириб, 167,6 млн долларлик хориждан газ сотиб олган. Бунда узоқ йиллардан бери биринчи марта газ экспорт қилинмаган. 

2017-йилда Ўзбекистон тўлиқ газ экспорт қиладиган мамлакат эди. 2026-йилга келиб бу ҳолат тескарисига ўзгармоқда.

Нархлар қимматлашиши фонида Ўзбекистонда газ ва нефт қазиб олиш камайиб бормоқда. Январ ойида газ қазиб олиш 4 млрд метр кубдан 3,7 млрд метр кубга, нефт ишлаб чиқариш эса 55,1 минг тоннадан 54,1 минг тоннага камайди.

Қиммат олтин — юқори иқтисодий ўсиш

Яқин Шарқдаги уруш фонида олтин инвесторлар ва Марказий банклар томонидан доимгидек хавфсиз актив сифатида кўрилмоқда. 

Ўтган ҳафта охирида троя унцияси учун 5 200 доллар атрофида бўлган олтин нархи душанба куни қарийб 5 400 долларгача чиқди. 

Олтин нархи ўсиши Ўзбекистон иқтисодиётига кўпроқ ижобий таъсир қилади. Бундай ҳолатда бюджетнинг олтин ишлаб чиқаришдан ва сотишдан оладиган даромадлари ортиб, ялпи талаб кенгайишига хизмат қилади. 

Бу эса, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Олтин экспорти ҳисобидан ички валута бозорида таклиф кўпайиши сўм мустаҳкамланишига туртки бериб, импорт инфляциясини пасайтиради. 

Натижада инфляция асосий сценарийга нисбатан 0,1-0,2 фоизга пасаяди ва иқтисодий ўсиш 0,3-0,5 фоизга юқорилайди.

2025 йилда иқтисодиёт айнан олтин нархлари кескин ошиб, бир неча бор тарихий рекордларни янгилагани фонида кутилганидан яхшироқ — 7,7 фоизлик ўсишни кўрсатганди. 

Шундай қилиб, Яқин Шарқдаги уруш глобал иқтисодий ўсишни секинлаштириб, Ўзбекистоннинг ташқи савдосини қийинлаштиради. Бироқ, олтин нархи орқали келадиган иқтисодий ўсиш “компенсация” бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 114

Barchasi

Mavzuga oid