
Венесуэла мухолифат вакилларини қамоқдан озод қилди
Венесуэла мухолифати вакиллари орасида танилган сиёсатчи Хуан Пабло Гуанипа ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Росио Сан-Мигел озодликка чиқарилган.

Венесуэла ҳукумати 8 январ куни маҳаллий ва хорижлик бир гуруҳ маҳбусларни, жумладан, таниқли мухолифат вакилларини қамоқдан озод қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ва расмий манбалар хабар берди. Озод этилганлар орасида сиёсий фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам борлиги айтилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча қамоқдан чиқарилган шахсларнинг аниқ сони ва тўлиқ рўйхати эълон қилинмаган. Шу билан бирга, Испания Ташқи ишлар вазирлиги озод этилганлар орасида беш нафар испаниялик фуқаро борлигини тасдиқлади. Шунингдек, Венесуэла мухолифатчи сиёсатчиси Хуан Пабло Гуанипа ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Росио Сан-Мигел эркинликка чиқарилгани маълум қилинди.
ОАВ хабарларига кўра, мухолифатчи сиёсатчи Эдмундо Гонсалеснинг куёви Рафаэл Тударес ҳам озод этилиши мумкин. Мухолифат ва халқаро кузатувчилар Гонсалесни сўнгги президентлик сайловларида амалда ҳозирги давлат раҳбарини мағлуб этган деб ҳисоблайди.
АҚШ маъмурияти бу қарорни ижобий баҳолади. Оқ уйнинг халқаро масалалар бўйича матбуот котиби Анна Келлининг таъкидлашича, сиёсий маҳбусларни озод этиш Венесуэла раҳбариятининг халқаро муносабатларда юмшоқроқ йўл танлаётганидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотига кўра, Венесуэлада 800 га яқин сиёсий маҳбус қамоқда қолмоқда. Foro Penal қайд этишича, уларнинг аксарияти 2024 йилда Николас Мадуронинг қайта сайланишига қарши намойишлар пайтида ҳибсга олинган. Халқаро ташкилотлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кескин танқид қилиб келмоқда.
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ва Венесуела мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини олқишлади.





