Волонтёрлик лойиҳаларига 100 млн сўмгача грант берилади
Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида «Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш» жамғармаси ташкил қилиниб, унга ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан 20 миллиард сўм ажратилади.

Мамлакатда волонтёрлик фаолиятини рағбатлантириш учун янги молиявий ва институционал механизмлар жорий этилади.Қўшимча равишда, вилоят ҳокимлари маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўмдан маблағ йўналтиради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти давомида маълум қилинди.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобига ёшларнинг волонтёрлик лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача грантлар тақдим этилади. Бу ташаббус ижтимоий фаолликни ошириш, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик ишларида уларнинг иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Волонтёрлар мактаби
Бугун дунё аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи волонтёрлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари яратилди, «Волонтёрлар мактаби» ва олий таълим муассасаларида махсус марказлар ташкил этилди. Натижада кўнгилли ёшлар сони сўнгги йилларда 5 баробарга ошди.
Айни пайтда экология, тиббий хизмат, таълим ва фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш соҳаларида фаолият юритаётган волонтёрлар сони 100 минг нафардан ошган. Улар жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.
Ташаббускор ёшларни янада бирлаштириш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда фаол кўнгиллилардан иборат Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгашини тузиш таклиф этилди. Шунингдек, кўнгилли ёшларга «ижтимоий фаоллик картаси» очилиб, уларнинг экология, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, таълим ва жамоат хавфсизлиги каби йўналишлардаги иштироки асосида балл тўплаш тизими жорий қилинади.
Мазкур чора-тадбирлар волонтёрлик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашга қаратилган.





