Хоманаий дафн маросими номаълум муддатга қолдирилди
Экспертларнинг фикрича, кечикиш Исроил мудофаа вазирининг Хоминаийнинг вориси этиб сайланган ҳар қандай раҳбарни йўқ қилиш таҳдиди билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг давлат даражасидаги дафн маросими номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда мамлакат давлат матбуотига таяниб BBC хабар берди. Аввалроқ маросим эртага, 5-март куни кечқурун ўтказилиши режалаштирилган эди.
Дастлабки режага кўра, мотам тадбирлари уч кун давом этиши керак эди. Ижтимоий тармоқларда эса бугун эрталабданоқ маросимга тайёргарлик кўрилаётгани акс этган суратлар тарқалган. Бироқ ташкилотчилар кутилмаганда маросимни кечиктиришга қарор қилган.
Эроннинг «Tasnim» ахборот агентлиги расмий манбаларга таяниб хабар беришича, кечикишга асосий сабаб логистика муаммолари бўлган. Мамлакатнинг турли вилоятларидан минглаб одамлар Теҳронга етиб келишга улгурмаётгани маросимни кейинга суришга сабаб бўлган.
Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар кечикиш ортида хавфсизлик омиллари ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Хусусан, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Эронда Хоманаийнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ҳар қандай раҳбар йўқ қилинишини айтган.
ОАВлар хабар беришича, Эронда олий раҳбарни сайлаш ваколатига эга бўлган Экспертлар кенгаши Хоманаийнинг ўғли Можтаба Хоманаийни асосий номзод сифатида кўриб чиқмоқда. Айрим маълумотларга кўра, бу қарор эълон қилиниши ҳам хавфсизлик хавотирлари сабаб кечиктирилган.
86 ёшли Али Хоманаий АҚШ ва Исроил томонидан Теҳронга уюштирилган ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганди. Ҳужумда унинг қизи ва набираси ҳам вафот этган.
ОАВларда келтирилишича, марҳум Машҳад шаҳри — ўзи туғилган масканида дафн этилиши мумкин. Бу шаҳар шиалар учун муҳим диний марказ ҳисобланади ва бу ерда имом Ризо мақбараси жойлашган.





