Январ ойида энг кўп қайси автомобил ишлаб чиқарилгани маълум қилинди

02.03.2026 | 13:541 daqiqa

Ўзбекистонда январ ойида 22 мингдан ортиқ енгил автомобил ишлаб чиқарилган.

Январ ойида энг кўп қайси автомобил ишлаб чиқарилгани маълум қилинди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ ойида Ўзбекистонда жами 22 099 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 6 846 тага кўп.

Энг катта улушни Cobalt модели эгаллади — 6 993 дона. Ўтган йил январ ойида ушбу кўрсаткич 5 660 донани ташкил этган эди.

photo_2026-03-02_13-54-47

Иккинчи ўринни Damas модели банд қилди — 3 628 дона. Бир йил аввал бу рақам 2 765 дона бўлган. Шунингдек, Tracker ишлаб чиқариши 1 900 донага етди, бу ўтган йилги 1 334 донага нисбатан сезиларли ўсишни англатади. Onix модели бўйича ҳам ижобий динамика кузатилиб, январда 1 974 дона ишлаб чиқарилди, 2025 йил январда эса 1 462 дона қайд этилган.

Бошқа брендлар кесимида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Kia ишлаб чиқариши 2 298 донани ташкил этди, бир йил олдин бу кўрсаткич 1 978 дона эди. BYD 1 352 дона автомобил ишлаб чиқарган бўлса, ўтган йил январда 802 дона қайд этилган.

Шунингдек, ўтган йили январ ойида 373 дона Haval модели ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил 1 135 дона ишлаб чиқарилди. Chery эса 757 дона (594 дона) натижа кўрсатди.

Маълумотларга кўра, 2025 йил якунида мамлакатда жами 257,8 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган.

«Ўзбекистон 2030» стратегиясида келгуси беш йилда бу ҳажмни 1 миллион донага етказиш режалаштирилган. 2027 йилда 550 минг, 2028 йилда 700 минг, 2029 йилга бориб эса 800 мингта енгил автомобил ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid