Ёнилғи нархи ошиши сабаб авиакомпаниялар фойдаси икки баробар қисқариши мумкин
Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ва авиакеросин нархларининг ўсиши жаҳон авиакомпаниялари молиявий натижаларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йили авиакомпаниялар ёнилғи учун 252 миллиард доллар сарфлаган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 350 миллиард долларга етиши мумкин.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026 йилда жаҳон авиакомпанияларининг ёнилғи учун харажатлари 350 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ҳисоботида маълум қилинди.
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили авиаташувчилар ёнилғи учун 252 миллиард доллар сарфлаган. Бу йил эса мазкур кўрсаткич қарийб 40 фоизга ошиб, 350 миллиард долларга чиқиши кутилмоқда.
IATA прогнозида таъкидланишича, Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ узилишлар ва ёнилғи нархларининг ўсиши авиакомпаниялар учун молиявий шароитни сезиларли даражада ёмонлаштирган.
Фойда кескин камаяди
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, харажатларнинг ўсиши авиакомпаниялар даромаддорлигига салбий таъсир кўрсатади. 2026 йил якунида соҳанинг умумий соф фойдаси 23 миллиард доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Бу 2025 йилда қайд этилган 41 миллиард долларлик натижадан қарийб икки баробар паст кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, аввалроқ прогноз қилинган 45 миллиард долларлик даражадан ҳам анча кам.
IATA бош директори Уилли Уолшнинг таъкидлашича, авиация ёнилғиси нархи тахминан 70 фоизга қимматлашгани барча авиакомпанияларнинг молиявий натижаларига босим ўтказмоқда. Унинг сўзларига кўра, айрим харажатлар тарифларни ўзгартириш ва самарадорликни ошириш орқали қопланмоқда, аммо бу ўтган йилги рентабелликни сақлаб қолиш учун етарли эмас.
Яқин Шарқда хавотир кучайди
Уолш айниқса кичик ва молиявий ҳолати нисбатан заиф авиаташувчилар оғир вазиятга тушиб қолаётганини қайд этди.
Унинг айтишича, барча минтақалардаги авиакомпаниялар ҳозирча фойда билан ишлаётган бўлса-да, молиявий натижалар ёмонлашган. Бундан фақат Яқин Шарқ муайян даражада мустасно ҳисобланади.
Шу билан бирга, Форс кўрфази давлатлари авиакомпаниялари уруш бошланган дастлабки даврда ҳаво ҳудудининг деярли тўлиқ ёпилиши ортидан катта операцион ноаниқликларга дуч келган. Улар авиақатновларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, молиявий таъсирдан қочиб бўлмаслиги таъкидланмоқда.





