
Зангиотада 150 MW қувватга эга энергия сақлаш тизими барпо этилади
Тошкент вилояти Зангиота туманида электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш орқали тармоқ барқарорлиги оширилиб, энергия таъминотидаги узилишлар хавфи камайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Президентнинг 17 декабрдаги ПҚ–381-сон қарори билан Тошкент вилояти Зангиота туманида қуввати 150 MW, сақлаш ҳажми 300 MWh бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу лойиҳа мамлакат энергетика тизимини модернизация қилиш ва энергия хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, лойиҳа доирасида Хитой Халқ Республикасига тегишли «EAGLERISE DEVELOPMENT HK COMPANY LIMITED» томонидан лойиҳа компанияси сифатида «Mega Energy Power TECH» масъулияти чекланган жамияти таъсис этилди. Лойиҳа компанияси электр энергиясини сақлаш тизимини доимий равишда ишга тайёр ҳолатда ушлаб туриш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Лойиҳа доирасида электр энергиясини сақлаш мажмуасини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун зарур бўлган электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанция қурилиши режалаштирилган. Мазкур инфратузилма объектлари қуриб битказилгандан сўнг, улар Ўзбекистон миллий электр тармоқлари акциядорлик жамияти балансига топширилади.
Қурилиш ва ер ишларини амалга ошириш, бинолар ҳамда иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш жараёнлари халқаро стандартлар асосида, тегишли битимларга мувофиқ тартибга солинади. Бу эса лойиҳанинг техник хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.





