Logo

1 200 га яқин оилага бепул қуёш панеллари ўрнатиб берилади

Бугун 19:422 дақиқа

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида «Темир дафтар» реэстридаги 1 197 та кам таъминланган оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади.

1 200 га яқин оилага бепул қуёш панеллари ўрнатиб берилади © BMT taraqqiyot dasturi

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида яшовчи кам таъминланган 1 197 та оилага қуёш панеллари бепул ўрнатиб берилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «Acwa» компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ёрқин хонадон» ижтимоий лойиҳасининг якуний босқичи доирасида амалга оширилмоқда.

Хабар қилинишича, қуёш панеллари ўрнатиладиган оилалар рўйхати ҳудудлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда «Темир дафтар» реестри асосида шакллантирилади.

Лойиҳанинг аввалги босқичлари ва умумий қамрови

Вазирлик маълумотларига кўра, «Ёрқин хонадон» лойиҳаси доирасида шу вақтга қадар Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 580 та оила ҳамда 334 та ижтимоий соҳа объекти (мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ врачлик пунктлари) қуёш панеллари билан таъминланган.

Якуний босқич тугагач, лойиҳа орқали қамраб олинган оилалар ва ижтимоий соҳа объектларининг умумий сони 3 100 дан ортади. Таъкидланишича, бу эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, энергия харажатларини камайтириш ва мамлакатда «яшил» энергетикани ривожлантиришга хизмат қилади.

«Қайта тикланувчи энергия манбалари — барқарор келажакнинг муҳим асосларидан бири. «Ёрқин хонадон» лойиҳаси доирасида ишончли ва самарадорлиги юқори бўлган қуёш панелларидан фойдаланилмоқда. Бу ташаббус эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий объектларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, уларга ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш имконини ҳам беради», — дейди «Acwa» компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жон Заидий.

«Acwa» компаниясининг Ўзбекистондаги лойиҳалари

Маълумот ўрнида, Саудия Арабистонининг «Acwa» компанияси Ўзбекистонда 2019 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон инвестициялар ҳажми бўйича мазкур компания учун Саудия Арабистонидан кейинги иккинчи йирик бозорга айланган.

Ҳозирда компания томонидан Ўзбекистонда умумий қуввати 13,9 ГВт ва инвестициялар ҳажми 16,5 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар асосан шамол ва қуёш энергетикаси, энергия сақлаш тизимлари, анъанавий генерация ва яшил водород йўналишларини ўз ичига олади.

Теглар

Мавзуга оид