Logo

1 сентябрдан ошадиган маошлар, энг юқори даромад топаётган битирувчилар ва ЕЧЛда порлаган Раҳмоналиев — 26 август дайжести

Кеча 23:002 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

1 сентябрдан ошадиган маошлар, энг юқори даромад топаётган битирувчилар ва ЕЧЛда порлаган Раҳмоналиев — 26 август дайжести

Энди телефон рақами орқали пул ўтказиш мумкин

Марказий банк Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида телефон рақами ёрдамида пул ўтказиш қоидаларини тасдиқлади.

Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиб, «Lex.uz»да эълон қилинган ушбу янги тартиб бир банк ҳисобварағидан бошқасига тўғридан-тўғри, яъни А2А операциялари орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконини беради. Қоидаларга кўра, ҳар бир банк ҳисобварағига фақат битта мобиль телефон рақами махсус бириктириш коди орқали боғланади.

2026-йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 26 август куни Кўксарой қароргоҳидаги тадбирда сўнгги даврда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция киргани, иқтисодиёт 2,5 баробардан зиёд кўпайгани ҳамда жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилаётганини маълум қилди.

Сўнгги ўн йил давомида саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. Шунингдек, давлат ва хусусий сектор иштирокида 1,5 миллион ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар фойдаланишга топширилди.

Сентябрдан иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилади

Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва талабалар стипендиялари миқдори 7 фоизга оширилади.

Ушбу санадан эътиборан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 360 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўм ҳамда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 504 минг сўм этиб белгиланмоқда.

Раҳмоналиев гол урган ўйин «Сабаҳ»га 20 миллион евро мукофотни кафолатлади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев тўп сурадиган Озарбойжоннинг «Сабах» клуби Исроилнинг «Хапоэл» жамоасини 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, УEФА Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига йўлланмани қўлга киритди. Учрашувда асосий таркибда майдонга тушган ва жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилган ўзбекистонлик яримҳимоячи «Flashscore» талқинига кўра ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ушбу тарихий натижа орқали «Сабах» нафақат «Қорабоғ»дан кейин ЕЧЛ асосий босқичига чиққан иккинчи Озарбойжон клубига айланди, балки ўзи учун улкан молиявий муваффақиятни ҳам таъминлади. Асосий босқичдаги иштироки учун жамоа камида 20 миллион 175 минг евро мукофот пулига эга бўлиши кафолатланди.

Олий таълим битирувчиларининг маоши очиқланди: энг юқори даромад қайси ОТМ битирувчиларида?

Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг ўртача маоши 4,9 млн сўмни ташкил этмоқда. Энг юқори талаб ва даромад асосан AT, муҳандислик ҳамда молия-иқтисод йўналишларига тўғри келади.

Энг юқори маош олувчи битирувчилар (ОТМлар кесимида):

Инҳа университети — 12,6 млн сўм;
Вестминстер университети — 12,5 млн сўм;
ЖИДУ — 10,6 млн сўм;
ТДИУ — 10,3 млн сўм;
ТАТУ — 9,4 млн сўм;
Навоий кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн сўм.

Ҳудудлар бўйича энг юқори ўртача даромад Навоий ва Тошкент вилоятларига (5 млн сўмдан) тўғри келмоқда.

Теглар

Мавзуга оид