100 минг доллар пора олган банк ходими қўлга олинди
Тошкент вилоятида банк минтақавий маркази бўлим бошлиғи ер майдонларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 4,25 млн доллар талаб қилган. У 100 минг долларни олдиндан олган вақтида ушланган.
© DXX matbuot xizmatiТошкент вилоятида банкнинг минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғи пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, банк ходими 2024 йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн аукцион орқали ўзининг отасига чорвачилик мақсадида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида сотилган, Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотиш ҳамда ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан жами 4 млн 250 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пора билан қўлга тушган «Миллий банк»нинг собиқ мансабдори 10 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.





