110 минг доллар пора талаб қилган банк мансабдори ушланди

25.02.2026 | 09:351 дақиқа

72,9 млрд сўмлик солиқни бекор қилиш эвазига пора талаб қилган банк мансабдорига жиноят иши қўзғатилди.

110 минг доллар пора талаб қилган банк мансабдори ушланди

Тошкент вилоятида фаолият юритувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи МЧЖда аниқланган 72 млрд 956 млн сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни бекор қилдиришни ваъда қилган мамлакатдаги етакчи тижорат банкларидан бирининг амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари жиноят устида қўлга олинди.

Тергов материалларига кўра, у солиқ текшируви натижасида ҳисобланган қарздорликни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 110 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган пулнинг бир қисми — 30 минг АҚШ долларини олдиндан қабул қилаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Айбловлар

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолат юзасидан қўшимча ҳолатлар ва бошқа эҳтимолий иштирокчиларни аниқлаш чораларини кўрмоқда.

Теглар

Мавзуга оид