add

20 йиллик молиявий сценарий алмашди: Испания Германиядан ўзмоқда

Бугун 19:45261

Испания 2026 йилда Германияга нисбатан камроқ бюджет танқислиги қайд этади. Бу Евроиттифоқдаги молиявий мувозанат ўзгаришидан дарак.

20 йиллик молиявий сценарий алмашди: Испания Германиядан ўзмоқда

Financial Times нашрининг ёзишича, Испания 2026 йилда сўнгги 20 йил ичида илк бор Германиядан камроқ бюджет камомадига эга бўлади. Бу ҳолат Европа Иттифоқидаги икки етакчи иқтисодиёт ўртасидаги молиявий роллар алмашинувини кўрсатади.

Испания, бир пайтлар Еврозона қарз инқирозининг энг заиф нуқталаридан бири бўлган бўлса-да, сўнгги йиллардаги барқарор ўсиш ва солиқ тушумларининг ошиши ҳисобига молиявий барқарорликка эришмоқда. Испания Марказий банкининг баҳолашича, мамлакат бюджет танқислиги 2025 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоизга, 2026 йилда эса 2,3 фоизгача тушади.

Бу орада, Германиядаги иқтисодий вазият аксинча ривожланмоқда. Ҳукуматга маслаҳат берадиган Мустақил иқтисодчилар кенгашининг маълумотларига кўра, Германия бюджет камомади 2026 йилда 3,1 фоизгача ошиб кетиши мумкин. Кейинги йилларда эса бу кўрсаткич 4 фоизга яқинлашиши эҳтимол қилинмоқда.

Қизиғи шундаки, «PIIG» деб ҳақоратли қисқартма билан атаб келинган давлатлар — Португалия, Италия, Ирландия, Греция ва Испания — ҳозирда молиявий интизом борасида Германия ва Франциядан яхшироқ натижалар кўрсатмоқда.

Испаниядаги бу ўзгариш мамлакат давлат облигацияларига бўлган талабни ҳам кучайтирди. Бу, айниқса, Италия ва Грецияда кузатилаётган иқтисодий барқарорлашувга ўхшаш тарзда юз бермоқда. Карстен Юниуснинг таъкидлашича, «Еврозонадаги молиявий иерархия тубдан ўзгарди».

Теглар

Мавзуга оид

20 йиллик молиявий сценарий алмашди: Испания Германиядан ўзмоқда | Vaqt.uz