
2025 йилда жисмоний ва юридик шахслар кибержиноятлардан 1,2 трлн сўмлик зарар кўрди
Эндиликда фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарз ундан ундирмаслиги ҳамда шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйилиши мумкин.

Аввалроқ Президент ҳузурида тақдимот бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайган. 2025 йилда 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган.
Маълум қилинишича, фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва электрон имзолари бўйича амалга оширилаётган фирибгарликлар сони кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири – банк карталари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.
Тақдимотда банк соҳасида онлайн-микроқарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйишнинг механизмлари таклиф қилинди.
Президент Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Таъкидланишича, йил бошидан буён давлат органлари томонидан 7 мингдан зиёд қонунга зид ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, назорат идораларининг фаолиятида 12,5 минг нафар тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан мазкур жараёнларни рақамлаштириш зарурлиги айтилди. Ҳозирда терговчиларнинг ишини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг йўқлиги, ҳисоботларнинг «қўлда» юритилаётгани, жиноят ишларининг ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланаётгани иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисобот тайёрлаш жараёни бир ҳафтагача вақт олмоқда.
Шу боис, жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан тортиб, суд қарори ижросигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифаси белгиланди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштиради, инсон омилини камайтиради ва масъулиятни оширади.
Давлат раҳбари муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.





