add

2025 йилнинг иқтисодий натижалари: Марказий Осиё Россияни ортда қолдирдими?

Бугун 11:373 дақиқа

Ўтган йилда минтақада иқтисодий фаоллик кескин ошиб, бир қатор давлатларда рекорд даражадаги ўсиш қайд этилган.

2025 йилнинг иқтисодий натижалари: Марказий Осиё Россияни ортда қолдирдими?

2025 йилда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётлари кутилмалардан юқори суръатларда ўсди. Айниқса, Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизлик реал ўсиш билан минтақада барқарор ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олди. Бу кўрсаткич аввалги прогнозлардан юқори бўлиб, ички талаб ва инвестиция фаоллигининг ошгани билан изоҳланади.

Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида саноат, бозор хизматлари ва қурилиш соҳалари ажралиб турди. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоизга ўсган бўлса, бозор хизматларида ўсиш 14,7 фоизни, қурилиш соҳасида эса 14,2 фоизни ташкил этди. Ушбу соҳалардаги жадал фаоллик умумий иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлади.

Қирғизистон

Минтақада кузатилган иқтисодий жадаллашув Қирғизистонда айниқса яққол намоён бўлди. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат иқтисодиёти Марказий Осиёда энг юқори ўсиш суръатини қайд этиб, реал ҳисобда 11,1 фоизга ўсди ва тарихий максимумга эришди. Бу натижа сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда. Иқтисодий фаолликнинг бундай жадал ўсиши, аввало, ички истеъмол ҳажмларининг ошиши ҳамда инвестиция фаоллигининг сезиларли даражада кучайиши билан изоҳланмоқда. Мазкур омиллар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларига айланган.

Тожикистон

Тожикистонда иқтисодий ўсиш 8,4 фоизни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан барқарор сақланди. 2025 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 173 миллиард сомонига етган. Саноат ишлаб чиқаришининг кенгайиши, қишлоқ хўжалигидаги ижобий динамика, шунингдек, инвестициялар ва ички талабнинг ошиши иқтисодий ўсишнинг асосий сабабларидан бўлган.

Қозоғистон

Қозоғистонда эса иқтисодиёт 6,5 фоизга ўсди. Қайд этилишича, Қозоғистон учун бундай юқори ўсиш суръатлари сўнгги бор 2011 йилда кузатилган эди. Иқтисодий фаолликнинг жадаллашувини саноат, қурилиш, транспорт ва савдо соҳаларидаги фаол ўсиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг кенгайиши ҳисобига юзага келган.

Туркманистон

2025 йилда Туркманистон иқтисодиёти Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан анча секин суръатларда ўсди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 72,1 миллиард долларни ташкил этган, иқтисодий ўсиш суръати эса 2,3 фоиз даражасида шаклланган. Аҳоли жон бошига ЯИМ 10 801 долларга етган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 3,8 фоизлик ўсишни кўрсатади. Туркманистондаги нисбатан паст иқтисодий динамикани иқтисодиётнинг хомашёга юқори даражада боғлиқлиги ҳамда ички бозор фаоллигининг чекланганлиги билан изоҳланмоқда.

Марказий Осиё Россияни ортда қолдирдими?

2025 йилда Россия иқтисодиётида ўсиш суръатлари сезиларли даражада секинлашди. Йил якунида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши тахминан 1 фоизни ташкил этди. Бу 2024 йилда қайд этилган 4,3 фоизлик ўсиш билан солиштирганда анча паст кўрсаткич ҳисобланади. Иқтисодий динамиканинг сусайишини ташқи савдо чекловлари, инвестиция фаоллигининг пасайиши ва ички талабнинг чекланиши билан изоҳланмоқда. Натижада Россия иқтисодиёти 2025 йилда Марказий Осиё давлатларига нисбатан анча паст ўсиш суръатини намоён этди.

Умуман олганда, 2025 йил Марказий Осиё учун юқори иқтисодий ўсиш йили бўлиб, минтақанинг глобал иқтисодиётдаги аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатди.

Теглар

Мавзуга оид