add

2026 йилда пул ўтказмалари 10 фоизгача ўсиши кутилмоқда — Марказий банк

Марказий банк келгуси йилда хориждан Ўзбекистонга йўналтириладиган пул ўтказмалари 10 фоизгача ортиши мумкинлигини маълум қилди. Ўсиш меҳнат муҳожирларига талаб ва валюталар курсининг барқарорлиги билан изоҳланмоқда.

2026 йилда пул ўтказмалари 10 фоизгача ўсиши кутилмоқда — Марказий банк

Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсатининг 2026 йил ва 2027–2028 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлар» концепциясида таъкидланишича, келгуси йилда хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 6–10 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Ўрта муддатли истиқболда бу кўрсаткич 8–12 фоиз атрофида шаклланиши мумкин.

Регуляторнинг маълумот беришича, бу ўсишни ишчи муҳожирларни қабул қилувчи давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, иқтисодий фаолликнинг ўсиши ва меҳнат бозоридаги юқори талаб белгилаб бермоқда.

Шунингдек, миграция йўналишларининг кенгайиши ва географик диверсификация ҳам муҳим омил сифатида қайд этилган.

Маълумот учун, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми 24 фоизга ошиб, 13,9 миллиард АҚШ долларига етди. Бу 2023 йилга нисбатан 66 фоизга ёки 5,5 миллиард долларга кўпдир.

Пул ўтказмалари манбаларида Россия етакчилик қилмоқда — жами маблағларнинг 78 фоизи ёки 6,4 миллиард доллари ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисм Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон ва Литва каби давлатлар орқали йўналтирилган.

Марказий банк бу тенденцияни ташқи меҳнат бозоридаги барқарор фаоллик ва валюталар бозоридаги мусбат динамика билан изоҳлади.

Теглар

Мавзуга оид

2026 йилда пул ўтказмалари 10 фоизгача ўсиши кутилмоқда — Марказий банк | Vaqt.uz