add

68 фоиз ўзбекистонлик орзуси амалга ошадими? Исломий банк фаолияти учун қонун лойиҳаси тайёрланди

Лойиҳага кўра, мамлакатда исломий банклар ва исломий «дарча»лар фаолиятига йўл очилади. Масъуллар таъкидлашича, бугунги чекловлар сабаб банклар тўғридан тўғри исломий молия хизматларини таклиф эта олмаяпти.

68 фоиз ўзбекистонлик орзуси амалга ошадими? Исломий банк фаолияти учун қонун лойиҳаси тайёрланди
Исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бу ҳақда бир қатор партиялар фракциялари йиғилишида сўз борди. ЎзЛиДеП фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган. Йиғилишда таъкидланишича, исломий молияда савдо ва шерикчилик орқали молиялаштириш кенг қўлланиладиган молиялаштириш шакллари ҳисобланиб, қонунчиликда тижорат банклари томонидан бундай шакллардан фойдаланилишига бир қатор тўсиқлар мавжуд. Хусусан, исломий молиялаштиришда банклар савдо билан шуғулланиш орқали мижозни молиявий қўллаб-қувватласа, Ўзбекистонда тижорат банклари савдо билан бевосита шуғулланишлари мумкин эмас. Исломий молияда молиялаштиришни шериклик асосида амалга оширишга рухсат этилган бўлиб, мамлакатда тижорат банкларига юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталларида қатнашишга доир чекловлар ўрнатилган. Партияга кўра, мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистонда Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI) ҳамда Ислом молияси хизматлари кенгаши (IFSB) стандартларига мос келувчи исломий банк фаолияти учун зарур ҳуқуқий асос яратилади. «Ушбу қонун Ўзбекистонда исломий банклар ва исломий «дарча»лар фаолиятини йўлга қўйиш, «яширин» иқтисодиёт улушини камайтириш, қолаверса мамлакатимизга исломий банк фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади», - дея таъкидланган ЎзЛиДеП йиғилишида. «Миллий тикланиш» партияси фракцияси йиғилишида ҳам ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Қонун лойиҳасида ушбу соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилмоқда. «UNDP сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 68 фоизи, бизнес вакилларининг эса 60 фоизи диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматидан фойдаланишни хоҳламайди», - дея таъкидланган фракция йиғилишида. Ўзбекистон Экологик партияси фракция йиғилишида ҳам юқорида таъкидланган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси кўриб чиқилган. «Исломий молияда молиялаштиришни шериклик асосида амалга оширишга рухсат этилган бўлиб, мамлакатимизда тижорат банкларига юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталларида қатнашишга доир чекловлар ўрнатилган. Шу ва бошқа чекловлар сабабли, ҳозирда тижорат банклари томонидан тўғридан-тўғри исломий молия хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд эмас. Шу муносабат билан, юқоридаги қайд этилган ҳолатларни бартараф этиш ва Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилиши масъуллар томонидан тушунтирилди», - дейилади партия хабарида.

Теглар

Мавзуга оид