Logo

«8 фоизлик ўсиш — бу ажойиб кўрсаткич»: Рубио Регистонда Ўзбекистон ҳақида нималар деди?

Журналистларга берган интервюсида у Украина уруши ва Вашингтоннинг минтақавий ҳамкорлик режалари ҳамда Доналд Трампнинг Ўзбекистонга эҳтимолий ташрифига ҳам тўхталиб ўтди.

«8 фоизлик ўсиш — бу ажойиб кўрсаткич»: Рубио Регистонда Ўзбекистон ҳақида нималар деди? © Videodan kadr

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 18 октябр куни Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида 19 октябр куни Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари иштирокида «С5+1» форматидаги учрашув, шунингдек, икки томонлама музокаралар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу сафарнинг иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда: Рубиога 200 дан ортиқ америкалик тадбиркорлар ҳамроҳлик қилмоқда. Регистон майдонида журналистлар билан суҳбатлашган давлат котиби миллиардлаб долларлик шартномалар имзоланишини айтиб ўтди. У, шунингдек, Украина ва Россия ўртасидаги урушни тезроқ якунлаш зарурлигини таъкидлади.

Регистон майдонидаги интервю: миллиардлаб долларлик келишувлар

19 октябр куни Марко Рубио Самарқанддаги Регистон майдонида журналистлар билан учрашди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ҳамкорлик, йирик иқтисодий битимлар ва халқаро майдондаги вазият муҳокама қилинди.

Рубио Ўзбекистон томонига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Иқтисодий ҳамкорлик борасида сўз юритар экан, у миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланиши кутилаётганини таъкидлади.

Украина уруши ва эҳтимолий уч томонлама учрашув

Регистондаги суҳбатда Рубиога АҚШ президенти Доналд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг иштирокида Украинадаги урушни якунлаш бўйича уч томонлама учрашув ўтказилиши мумкинлиги ҳақида ҳам савол берилди.

«Reuters» агентлиги хабарига кўра, Рубио бундай учрашув юзасидан музокаралар бўлганини, лекин унинг узил-кесил тасдиқланганидан хабари йўқлигини айтган. Шу билан бирга, у Трамп Украина ва Россия ўртасидаги қуролли тўқнашув тезроқ тугашини хоҳлаётганини таъкидлади.

«Биз бу урушдан ҳеч қандай яхшилик кутаётганимиз йўқ», — деган Рубио.

У можаро кўламининг кенгайиб кетишидан огоҳлантириб, хусусан, муваффақиятсиз диверсиялар ёки электрон кураш тизимлари таъсирида йўналишини ўзгартирган дронларнинг қўшни мамлакатлар ҳудудига кириб бориш хавфи мавжудлигини тилга олган.

АҚШ давлат котибининг фикрича, бундай можаронинг кенгайиши бутун минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солади.

«8 фоизлик ўсиш — бу ажойиб кўрсаткич»

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг «тамал тоши» деб атади. У мамлакатдаги иқтисодий ўсишни юқори баҳолаб, миллиардлаб долларлик келишувлар, Майамидан тўғридан-тўғри авиарейслар очилиши ҳамда Жексон–Вэник тузатишини бекор қилиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни, иқтисодий тараққиёти ва АҚШ билан муносабатлари ҳақида гапирар экан, у мамлакатдаги ўсиш суръатларини юқори баҳолади. Шунингдек, ташриф якунида аниқ келишувлар эълон қилинишини, АҚШ компанияларининг минтақадаги фаолияти кенгайишини ва келгусида Доналд Трампнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиши мумкинлигини айтди.

«Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг тамал тоши»

Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлардаги ўрнига баҳо берар экан, Рубио мамлакатни Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири сифатида эътироф этди.

«Менимча, у минтақанинг асоси, тамал тошидир. Бу энг кўп аҳоли яшайдиган давлат. Мен бу ерда илгари бўлмаганман, ҳозиргина келдим. Лекин юртингиздаги ақл бовар қилмас иқтисодий ривожланиш ҳақида ўқиб чиқдим. Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати қарийб 8 фоизни ташкил этмоқда. Бу ажойиб кўрсаткич. Биз бу тенденциянинг давом этишини қўллаб-қувватламоқчимиз», — деди АҚШ Давлат котиби.

Рубио, агар мамлакат сўнгги ўн йилдаги каби яна бир ўн йил давомида барқарор ривожланса, бундан-да юксак натижаларга эришиши мумкинлигини таъкидлади.

«Бу гўзал мамлакат. Сўнгги ўн йил ичида иқтисодий ўсиш ва фаровонлик борасида эришилган ютуқлар одамни ҳайратга солади», — деди у.

 «Бу охири эмас, бошланиши»

Ташрифдан қандай натижалар кутилаётгани ҳақидаги саволга жавобан Рубио форум якунида аниқ иқтисодий келишувлар эълон қилинишини маълум қилди.

«Бизда эълон қилинадиган аниқ келишувлар бор. Яъни, бу ерда бизнес юритадиган, илиқ кутиб олинган ва бу ерда ишлашдан мамнун бўлган компаниялар мавжуд. Бу биз таянадиган пойдевордир, холос. Биз янада кўпроқ иш қилишни истаймиз. Бу охири эмас, балки бошланишидир», — деди у.

Давлат котибининг таъкидлашича, АҚШ Марказий Осиёдаги ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда. Унинг фикрича, Вашингтон минтақа давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга аввалгидан кўра кўпроқ этибор қаратиши керак.

«Очиғини айтсам, Марказий Осиё сўнгги 20 йилда сиёсатчиларимиз томонидан муносиб эътибор топмади. Лекин бу ҳолат ўзгармоқда. Шунинг учун ҳам ҳозир шу ердамиз», — деди Рубио.

Унинг айтишича, АҚШнинг минтақадаги асосий мақсади иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий компаниялар билан узоқ муддатли алоқалар ўрнатишдан иборатдир.

Рубио америкалик компанияларнинг минтақадаги фаолияти ҳақида сўз очаркан, уларнинг иқтисодий манфаати фақат АҚШ билан чекланиб қолмаслигини уқтирди.

«Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда кучли ҳамкор бўлишни хоҳлайди. Биз билан ажойиб делегация, 300 га яқин Америка компанияси вакиллари келди. Охир-оқибат миллиардлаб долларлик келишувлар имзолаш имкониятимиз бор. Бу минтақа давлатларини бойитади ҳамда Қўшма Штатларга ҳам иқтисодий фойда келтиради», — деди у.

Туристлар оқими Рубиони ҳайратга солди

Регистондаги суҳбатда туризм ва АҚШ билан транспорт алоқаларини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Келаётган туристлар оқими мени лол қолдирди, яъни рақамлар шунчалик юқорилигидан ҳайратда қолдим. Мен АҚШдан тўғридан-тўғри рейслар очилиши ҳақида сўрадим. Аслида, Майамидан тўғридан-тўғри авиақатнов бўйича музокаралар кетмоқда», — деди Рубио.

У Ўзбекистоннинг собиқ совет республикаси сифатидаги ўтмишидан бугунги юксак даражага жуда қисқа вақт ичида етиб келганини алоҳида эътироф этди.

 «Муаммолар ёки можаролар эмас, имкониятлар»

Рубио Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг пойдевори муаммолар эмас, балки иқтисодий имкониятлар бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Ўйлаб кўрсангиз, бу муносабатлар муаммо ёки можаролар билан эмас, балки имкониятлар билан белгиланади. Бу ер иқтисодий жиҳатдан шиддат билан ўсиб бормоқда ва ўз халқининг фаровонлиги учун улкан имкониятлар яратмоқда. Менимча, бу нарса халқларимизни, давлатларимизни бир-бирига янада яқинлаштиради. Муносабатларни умумий фаровонликдан кўра кучлироқ мустаҳкамлайдиган ҳеч нарса йўқ», — деди АҚШ Давлат котиби.

Жексон–Вэник тузатиши

Регистондаги суҳбат давомида АҚШ билан савдо муносабатларига тўсқинлик қилиб келаётган Жексон–Вэник тузатишини бекор қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жексон–Вэник тузатиши 1974 йилда АҚШнинг Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган бўлиб, у дастлаб бозор иқтисодиётига эга бўлмаган ва ўз фуқароларининг мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқини чеклаган давлатлар билан савдо муносабатларини чеклашга қаратилган эди. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам унинг айрим мамлакатларга нисбатан қўлланилиши сақланиб қолган.

АҚШ сенатори Майкл Беннетнинг 2026 йил 29 июлдаги расмий баёнотига кўра, Конгрессда Марказий Осиёнинг айрим давлатларига нисбатан ушбу савдо чекловларини бекор қилиш бўйича икки партияли қонунчилик ташаббуси илгари сурилган. Чекловлар ҳамон сақланиб қолаётган давлатлар қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор.

Рубио АҚШ маъмурияти ушбу тузатишни бекор қилиш тарафдори эканини билдирди.

«Биз уни бекор қилиш тарафдоримиз. Конгрессда ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайдиган кучли овозлар бор. Маъмурият ҳам айнан шуни сўраган. Конгресс ҳали бунга қўл ургани йўқ, лекин албатта буни амалга оширади, деган умиддамиз», — деди у.

Доналд Трамп Ўзбекистонга келадими?

Регистондаги суҳбат давомида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ўзбекистонга эҳтимолий ташрифи ҳақида ҳам савол берилди.

Рубио аниқ санани айтмади, бироқ келгуси йилда ташрифни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Келгуси йили бунинг устида ишлаб, қайси саналар тўғри келишини кўриб чиқишимиз керак. Чунки, имкони бўлса, у албатта келишни хоҳлайди, деб ўйлайман. У ўзи шундай деган эди», — деди Давлат котиби.

Рубио нега айнан ҳозир Марказий Осиёга келди?

Ўзбекистонга келишидан олдин Рубио журналистлар билан мулоқотда Вашингтон Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирган.

«Шундай давлатлар борки, биз улар билан муносабатларимизни ривожлантириш мақсадида ташриф буюришни истаймиз», — деган у. Рубио ушбу сафар минтақанинг бешта давлати ташқи ишлар вазирларини бир жойга жамлаш учун қулай фурсат бўлганини ҳам эътироф этди.

Бу ташриф АҚШнинг Марказий Осиё билан савдо, инвестиция ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш режаларига тўла мос тушади. «Reuters» агентлиги Америка расмийларининг минтақадаги табиий ресурслар, айниқса, муҳим минераллар ва камёб ер металларига нисбатан қизиқиши юқори эканини алоҳида қайд этган.

«С5+1»: минтақавий ҳамкорликнинг асосий формати

«С5+1» формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон ўртасидаги ўзига хос мулоқот механизми ҳисобланади.

Мазкур формат 2015 йилнинг ноябр ойида айнан Самарқандда ташкил этилган эди. Ўшанда АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказган.

2025 йилнинг ноябр ойида эса АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарларини қабул қилганди. «Euronews» телеканали маълумотига кўра, ўша саммит доирасида авиация, қишлоқ хўжалиги техникаси, темирйўл инфратузилмаси ва минерал ресурсларни қазиб олиш каби соҳаларда 25 миллиард доллардан ортиқ тижорий битим ва мажбуриятлар имзолангани эълон қилинган.

19–20 октябр кунлари Самарқандда ўтадиган вазирлар учрашуви ҳам минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, энергетика хавфсизлиги, савдо-сотиқ, инвестициялар ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланади.

АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, Рубио минтақа мамлакатларининг юқори мартабали мулозимлари билан икки томонлама алоҳида музокаралар ҳам ўтказади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар

Марко Рубионинг ушбу сафарига тайёргарлик кўриш масаласи 16 октябр куни Ўзбекистон раҳбарияти даражасида ҳам муҳокама қилинган эди. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилган.

Ўзбекистон Президентининг расмий сайтида берилган маълумотга кўра, мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Шу билан бирга, Рубионинг ташрифи, «С5+1» доирасидаги вазирлар учрашуви ҳамда Ўзбекистон–АҚШ ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ташрифнинг кейинги босқичи

АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифи унинг 17–22 октябр кунларига мўлжалланган йирикроқ Осиё сафари доирасида амалга оширилмоқда. Самарқанддаги музокаралардан сўнг Рубио Ҳиндистонга жўнаб кетиши, Мумбай ва Жамнагар шаҳарларида ҳукумат ҳамда бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид