add

Абдусаид Кўчимов: «Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучнинг попугини пасайтириб қўйишимиз шарт»

Сенатор Абдусаид Кўчимов ташқи босимларга қарши қатъий позиция ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

Абдусаид Кўчимов: «Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучнинг попугини пасайтириб қўйишимиз шарт»

Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи кучнинг васийлик ёки босим ўтказишга уринишларини қатъий рад этиши лозимлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда давлат ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишда принципиал ва изчил позицияни сақлаб қолиши шарт.

Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси

Сенатор нутқида давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасига алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, ҳужжатда мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи олти устувор йўналиш аниқ белгиланган бўлиб, улар янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил қилади. Кўчимов бу йўналишлар бугунги ислоҳотлар билан келажакдаги учинчи ренессанс ғоялари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлашини таъкидлади.

Абдусаид Кўчимовнинг сўзларига кўра, мурожаатномада кўтарилган масалалар фақат ички сиёсат доирасида эмас, балки халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳужжатнинг бир неча хорижий тилларга таржима қилиниб эълон қилиниши ундаги ғоя ва ёндашувларнинг жаҳон миқёсида долзарб эканидан далолат беради.

Халқаро муносабатлар

Жаҳондаги ҳозирги вазиятга тўхталар экан, сенатор халқаро муносабатларда кескинлик кучайиб бораётганини қайд этди. У зўравон сиёсат, шошма-шошар қарорлар ва беқарорлик шароитида ҳеч бир давлат ўзини тўлиқ хотиржам ҳис қила олмаслигини таъкидлади.

Нутқ давомида Абдусаид Кўчимов айрим ташқи кучларнинг ўзини устун қўйишга интилишларини танқид қилди. «Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, уларнинг попугини пасайтириб, ақлини киргизиб қўйишимиз шарт».

Сенаторнинг фикрича, мамлакат фақат бирлик, ирода ва изчил амалий ишлар орқали ташқи босимларга қарши туриб, олдига қўйилган стратегик мақсадларга эриша олади.

Марказий Осиё давлатларига таҳдидлар

Соловёв чиқиши

Аввалроқ россиялик тележурналист Владимир Соловёв ҳам Марказий Осиё ва Арманистонни Россия миллий хавфсизлиги учун муҳим ҳудудлар сифатида таърифлаб, бу минтақаларда ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказиш кераклигини айтган. У халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқчасига иккинчи даражага суриш кераклигини таъкидлаган.

Соловёвнинг ушбу фикрларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова муносабат билдириб, журналистнинг баёнотларини унинг шахсий қарашлари сифатида баҳолаган.

Дугиннинг Ўзбекистон суверенитетига таҳдиди

«Рус дунёси» ғоясининг асосий мафкурачиси, файласуф Александр Дугин Марказий Осиё ва бошқа собиқ СССР ҳудудларининг суверенитетини инкор этиб, Россия уларни ўз назорати остига олиши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, акс ҳолда бу ҳудудлар Ғарб давлатлари учун геосиёсий таянч нуқтага айланади.

Ундан сўнг, Россиялик собиқ боксчи ва сиёсатшунос Николай Валуев ҳам Марказий осиё давлатларига таҳдид қилди. У Путинга яқинлиги билан танилган файласуф Александр Дугин ғояларини қўллаб-қувватлаб, Украинада амалга оширилаётган «махсус ҳарбий операция»лар собиқ совет республикаларида ҳам ўтказилиши кераклигини айтган.

Ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев Валуевнинг сўзларига жавобан уни жангга чақирди. Чагаев Валуевнинг чиқишини ҳақоратли деб баҳолаб, бу каби фикрлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳозирги ижобий муносабатларга путур етказишини таъкидлади.

Кейинчалик «Россия 1» телеканали эфирида Марказий Осиё ва Кавказдаги суверен давлатларга нисбатан яна бир баҳсли баёнот янгради. Владимир Соловёв бошловчилигидаги «Вечер с Владимиром Соловёвим» дастурида иштирок этган сиёсатшунос Сергей Михеев минтақа давлатларининг ташқи сиёсат йўналишини танқид қилиб, улар билан муносабатларда тенг ҳуқуқли шериклик тамойилини амалда рад этди.

«Россия барчага қарздор бўладиган вазият – Россия эса ҳеч кимга қарздор эмас – бу боши берк бўлган вазият. Ҳа, бу постсовет мамлакатларига доимо бизни турли лойиҳалар билан шантаж қилишга имкон беради…
Биз шусиз ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб беряпмиз. Бу меҳнат миграциясига ҳам, биз кўрсатаётган ёрдамга ҳам ва бошқа кўп нарсаларга ҳам тааллуқли. Аммо доим биз қарздордекмиз. Менимча, хафа бўлманглар, аммо бундай оҳанг ҳозир Украина билан содир бўлаётган воқеаларнинг сабабларидан бирига айланганди», – деган у.

Теглар

Мавзуга оид