«Афғонистонга фақат ортиқча электр энергиясини экспорт қилинади» — энергетика вазири
Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда электр тармоқлари ва подстанцияларни қуришда иштирок этишни режалаштирмоқда. Шерзод Хўжаевнинг айтишича, ортиқча электр энергияси экспорт қилиниши мумкин, аммо бу фақат ички талаб тўлиқ таъминланганидан сўнг амалга оширилади.
© president.uzЎзбекистон миллий компаниялари Афғонистонда электр тармоқлари ва подстанцияларни қуриш ҳамда модернизация қилиш лойиҳаларида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев Шавкат Мирзиёевга ўтказилган тақдимотдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Маълум қилинишича, лойиҳалар Афғонистон томони ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, йиғилишда миллий компанияларни ушбу лойиҳаларга жалб этиш, уларни молиялаштириш ва ишларни назорат қилиш механизмлари кўриб чиқилган. Энергетика блогига лойиҳалар ижросини алоҳида назоратга олиш ва уларнинг бориши бўйича ҳар ҳафта ҳисобот бериш топширилган.
«Афғонистон ҳудудида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа, албатта, Афғонистон томони ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Яъни гап улар учун янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш ҳақида бормоқда», — деди Хўжаев.
Вазирнинг таъкидлашича, лойиҳалар Ўзбекистоннинг қўшни давлат билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш билан бирга, мавсумий ортиқча электр энергиясидан иқтисодий самара олиш имконини ҳам беради.
Ортиқча электр-энергияси экспорт қилинади
Хўжаевнинг сўзларига кўра, қуёш ва шамол электр станциялари юқори қувватда ишлаган даврларда Ўзбекистонда мавсумий электр энергиясини экспорт қилиш имконияти туғилиши мумкин.
«Шу билан бирга, бизда мавсумий электр энергияси ортиқчалиги юзага келади. Яъни, қуёш ва шамол электр станцияларимиз юқори қувват билан ишлаётган пайтда ҳосил бўлган ортиқча қувватларни экспорт қилиш ҳисобига каттароқ иқтисодий самара олишимиз мумкин», — деди вазир.
У Сурхондарё вилоятида электр энергияси ишлаб чиқаришни янада ошириш режалари борлигини ҳам айтди.
Хўжаевга кўра, ҳудуддаги амалдаги қуёш электр станцияси вилоят эҳтиёжини тўлиқ қоплаш учун етарли. Шунга қарамай, Сурхондарёда яна икки-учта электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги энергетика ҳамкорлигини кенгайтириш учун муҳим бўлган Сурхон — Пули-Хумри юқори кучланишли электр тармоғи қурилишини жадаллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил сентябрда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бошланган. Улар доирасида янги электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар, жумладан, 500 kVли Сурхон — Пули-Хумри тармоғи, шунингдек, Нангарҳор ва Қобулдаги энергетика объектларини қуриш режалаштирилган. Лойиҳаларни 2027-йил 1-апрелга қадар якунлаш кўзда тутилган.





