add

Аксарият оилалар тўй сабабли 3-4 йил ўзини тиклолмайди — сўровнома хулосалари

09.09.2025 | 19:40283412

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти тўйлардаги ортиқча дабдабабозлик ҳақида 9 та ҳудудда сўровнома ўтказди. Ота-оналарнинг 64 фоизи никоҳ тўй маросимларини оилавий шароитларни инобатга олган ҳолда ўтказиш керак деган фикрни илгари суришган.

Аксарият оилалар тўй сабабли 3-4 йил ўзини тиклолмайди — сўровнома хулосалари
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан «Янги Ўзбекистонда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишнинг оилалар иқтисодиётига ҳуқуқий ва маънавий таъсирини таҳлил қилиш» мавзусида сўровнома ўтказилди. Сўровлар 9 та ҳудудда 4 та йўналишда яъни, ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар, ёш оилалар ва маҳалла фаоллари ўртасида ўтказилди. Унда иштирок этган ота-оналарнинг 64 фоизи «никоҳ тўй маросимларини оилавий шароитларни инобатга олган ҳолда ўтказиш керак», деган фикрни билдиришган. 12 фоиз ота-оналар «фарзандларининг орзу-ҳавасига эътибор қаратиш»ган бўлса, 9 фоиз респондентлар ўз орзуларини, шахсий манфаатларини биринчи ўринга чиқаришган.   Никоҳ тўйларини қаерда ўтказиш мақсадга мувофиқ? Ана шу саволга 50 фоиз ота-оналар «ҳашаматли ресторанларда», 28 фоиз респондент «ихчамлаштирилган тартибда 100-150 кишилик тўйхоналарда», 14 фоизи «махсус тадбирлар залида», 12 фоизи эса «ўз ҳовлисида» ўтказишни маъқуллаган. Шунингдек, сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 43 фоизи «ихчам ва тежамкорлик тамойили асосида тўй ва маросимларни ўтказиш керак»лигини таъкидлашган. Маҳалла фаоллари ўртасида ўтказилган социологик сўровномада 35 ёшдан 65 ёшгача бўлган маҳалла еттилиги ходимлари иштирок этди. Тадқиқотда иштирок этган маҳалла фаолларининг 80 фоизи тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш бўйича хабардорлиги юқори бўлиб, қолган 19 фоизининг хабардорлиги етарли эмас. Маҳалла фаолларининг 33 фоизи тўйни дабдабабозликка йўл қўймасдан ўтказиш тарафдори бўлган бўлсалар, 22 фоизи тўйни содда ва оилавий атмосферада ўтказилишини, 18 фоизи оилавий имкониятлардан келиб чиқиб ўтказишни маъқул кўрдилар, лекин 13 фоизи маҳалла фаоллари тадбир натижасида одамлар орасида обрў-эътиборга эга бўлишни, 12 фоиз фаоллар эса тўй тадбири жуда муҳим, уни ҳар томонлама мароқли ва ёдда қоларли ўтказиш мақсадга мувофиқ, деган фикрни билдирганлар.   Дабдабали тўй, тантаналар ва таъзия маросимлари жамиятда низоли оилаларнинг пайдо бўлишида, оилаларнинг ижтимоий мавқеига салбий таъсири қай даражада ? Ушбу саволга 40 фоиз маҳалла фаоллари салбий таъсир қилишини, 21 фоизи эса тўй ва таъзия маросимларидан кейин оила аъзолари ўртасидаги нотинчлик кучаяётганлигини, 11 фоизи эса тўй ва таъзия маросимлардаги ғарб мамлакатларидан кириб келаётган янги ноанаъанавий урф-одатлар, маданий анъаналар ижтимоий ҳимояга мухтож, кам таъминланган оилаларга салбий таъсир кўрсатаётганлигини маълум қилган. Таҳлиллар бугунги кунда аҳолининг ўртача йиллик даромади билан тўй харажатлари ўртасида катта номутаносиблик борлигини кўрсатмоқда. Яъни, кўпчилик оилалар тўй учун камида икки баробар ортиқ миқдорда маблағ жалб қилади ва натижада оила молиявий жиҳатдан 3-4 йил давомида тиклана олмайди. Айрим ҳолатларда тўй харажатлари оиланинг 3 йиллик даромадидан ҳам ортиқ бўлиб, қарздорликка олиб келмоқда. Ёш оилалар ўртасида ўтказилган сўровлардаги респондентлардан 43 фоиз тўйларни содда ва кам харажат қилиб ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. 17 фоиз тўйларда ортиқча харажат қилиш ҳолатларига эътибор қаратган. 15 фоиз энг анъанавий ва мумтоз маросимларни, 14 фоиз креатив ва ўзига хос шаклларни маъқул кўрган, 11 фоиз эса тарихий ва замонавий меъёрларга мослаштиришни муҳим, деб ҳисоблаган. Бу ҳолат жамиятда маросимларни ташкил қилишга оид қарашлар турличалигини, аммо кўпчилик уларнинг содда ва тежамкор бўлиши тарафдори эканлигини кўрсатади.   Никоҳланувчи ёшлар нима дейди? Никоҳланувчи ёшлар ўртасида ўтказилган сўров натижалари тўйда дабдабадан кўра соддалик ва самимийлик устун эканлигини кўрсатди. Респондентларнинг 31 фоизи тўйни оилавий муҳитда ўтказишни афзал кўрса, 18 фоизи молиявий имкониятларга мослашишни муҳим, деб ҳисоблади. 15 фоиз иштирокчи маънавий жиҳатларга эътибор қаратди, 17 фоиз ёшлар ёдда қоларлиликни устувор кўрди. 19 фоизи эса обрў ва ташқи таъсирларни инобатга олди. Демак, ёшлар ортиқча харажатдан кўра маънавий жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 34 фоиз тўйни ортиқча дабдабаларсиз ўтказишни энг муҳим деб баҳолаган. Бу ҳолат ёшлар орасида тежамкорлик ва молиявий масъулият кучайиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, 19 фоиз иштирокчи тўй бюджетига ёшлар ва оила аъзоларининг хоҳиш-истакларини мослаштиришни муҳим деб билса, яна 18 фоиз харажатларни режалаштириш ва ҳисоб-китобни муваффақиятли тўйнинг асосий шарти сифатида кўрган. Бошқа 19 фоиз эса тўй харажатлари оила даромадига мос бўлиши кераклигини таъкидлаган. Ёшлар тўйларни ихчам ва иқтисодий жиҳатдан тежамкор ўтказишни афзал кўришса-да, бу истакни амалга оширишда иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий босимлар тўсқинлик қилмоқда. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг асосий қисми — 59 фоизи тўй учун 10–30 миллион сўм оралиғида бюджет режалаштирган. Бу кўпчилик учун энг мақбул ва амалиётда кенг тарқалган маблағ сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, 25 фоиз иштирокчи 30–50 миллион сўм сарфлашни кўзда тутгани уларнинг маросимга жиддий тайёргарлик ва муайян молиявий имкониятга эгалигини кўрсатади. Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида маънавий тарғибот, маслаҳат хизматлари ҳамда ижтимоий тармоқларда камхарж ва миллий тўйларни тарғиб қилиш зарурияти борлигини юзага чиқармоқда. Меҳриноз Фармонова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид