Logo

Алифбо ўзгариши сабабли амалдаги пуллар алмаштириладими? Марказий банк тушунтириш берди

Бугун 21:332 дақиқа

2027 йил 19 февралдан нақд пул муомаласига оид янги ҳужжат кучга киради.

Алифбо ўзгариши сабабли амалдаги пуллар алмаштириладими? Марказий банк тушунтириш берди © Илья Семендеев / Spot

​Ўзбекистонда 2027 йил 19 февралдан нақд пул муомаласига оид янги норматив ҳужжат кучга кириши муносабати билан амалдаги банкнот ва тангаларни алмаштириш талаб этилмайди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

​Қайд этилишича, 2027 йил 19 февраль — янги ҳужжат кучга кирадиган сана бўлиб, у янги пуллар муомалага чиқариладиган ёки ҳозирги пуллар алмаштириладиган кун эмас.

Ҳужжатга мувофиқ, келгусида муомалага чиқариладиган янги банкнот ва тангалардаги ёзувлар янги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлади.

​«Ўзбек алифбосидаги айрим харфларнинг ёзилишига ўзгартириш киритилди. Лекин бу ҳозир қўлингиздаги амалдаги пулларни ҳам алмаштириш керак дегани эмас. Ҳозир муомалада бўлган барча пуллар аввалгидек ишлатилаверади. Улар билан бемалол харид қилишингиз ёки тўловларни амалга оширишингиз мумкин», — дея тушунтирди регулятор.

​Янги банкнотлар чиқарилса, тартиб қандай бўлади?

​Маълумотларга кўра, келгусида янгиланган алифбо асосида банкнотлар муомалага чиқарилган тақдирда ҳам, ҳозир муомалада бўлган барча банкнот ва тангалар ўз қийматини сақлаб қолади ва янги пуллар билан бир хил муомалада бўлади.

Улардан аввалгидек дўконларда, бозорларда ва бошқа жойларда бемалол фойдаланиш мумкин.

Таъкидланишича, ​Марказий банк янги пул белгилари муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин бу ҳақда расмий ахборот беради ҳамда барча янгиликлардан аҳолини хабардор қилиб боради.

Шу сабабли айни пайтда муомалада бўлган банкнот ва тангаларни алмаштириш ёки бу борада бирор қўшимча ҳаракатни амалга оширишга ҳожат йўқ.

Теглар

Мавзуга оид