«Алоқабанк» факторинг ташкилотини сотмоқда

Бугун 12:102 дақиқа

Банк ўзига тегишли компаниянинг 90 фоиз улушини 1,8 млрд сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйди.

«Алоқабанк» факторинг ташкилотини сотмоқда

Ўзбекистондаги давлат банкларидан бири — «Алоқабанк» ўзи эгалик қиладиган «Алоқа Finance Факторинг Ташкилоти» МЧЖдаги 90 фоиз улушни аукционга қўйди.

Кимошди савдоси 2026-йилнинг 6 апрель санасида бўлиб ўтади. Факторинг ташкилотининг 90 фоизи учун 1,8 млрд сўм нарх белгиланган.

Аукционда қатнашувчилар учун бир қанча талаблар мавжуд. Иштирокчилар иқтисодий соҳадаги жиноятлар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича судланмаган бўлиши керак.

Факторинг ташкилоти молиявий аҳволи ёмонлашишига, банкрот бўлишига ёки фаолияти тўхташига олиб келадиган ҳаракатлар содир этиши мумкинлигига оид далиллар бўлмаслиги лозим.

Бундан ташқари, «Алоқабанк»нинг факторинг ташкилоти бўлажак таъсисчиси олий маълумотга ёки факторинг соҳасида икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлиши сўралган.

Факторинг — бу тадбиркорларга ҳисоб-фактураларни дарҳол пулга айлантириш имконини берувчи молиявий хизмат. Масалан, қайсидир компания маҳсулотини сотди ва шартнома бўйича 60 кундан кейин пул тушиши керак. Факторинг ёрдамида банкдан пулни дарҳол олиш мумкин.

Ўзбекистонда факторинг фақатгина 2024-йилга келибгина пайдо бўлди. Шундан бери банкларда факторинг хизматларини кўрсатиш ҳар ой ўсиб бормоқда.

2025-йил давомида «Алоқабанк» 340 млрд сўмлик факторинг хизматларини кўрсатган. Банкда ойлик дисконт ставкаси маҳаллий компаниялар учун 2,25–2,5 фоиз атрофида бўлса, хорижий компаниялар учун 2,5 фоиз ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда қайси банклар кўпроқ факторинг хизматлари кўрсатаётгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид