Logo

АҚШ «Binance»дан ўғирланган 1,1 млрд доллардан ортиқ криптовалютани мусодара қилмоқчи

Бугун 15:352 дақиқа

«Binance» криптобиржасига уюштирилган хакерлик ҳужумидан кейин АҚШ ҳукумати 1,1 млрд доллардан ортиқ криптоактивни мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилди. Америка томони ушбу ҳужум ортида Шимолий Корея хакерлари турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

АҚШ «Binance»дан ўғирланган 1,1 млрд доллардан ортиқ криптовалютани мусодара қилмоқчи © fsr.develop.ru

АҚШ «Binance» криптобиржасига уюштирилган хакерлик ҳужумидан кейин 1,1 млрд доллардан ортиқ маблағни мусодара қилиш бўйича фуқаролик даъвоси киритди. Гап «Circle Internet Financial» компанияси томонидан чиқарилган стейблкойнлардаги активлар ҳақида бормоқда. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Аввалроқ ҳукумат сўровига биноан ушбу активларга суд томонидан ҳибс қўйилган. Америка идораси тахминига кўра, ўғирликка Шимолий Корея хакерлари алоқадор бўлиши мумкин.

«Binance» криптобиржаси 29-октябр куни хакерлик ҳужумига учраган. Биржанинг криптоҳамёнларидан қарийб 6,3 млрд долларлик активлар ўғирланган. АҚШ Адлия вазирлиги хабарига кўра, ўшандан буён мамлакат турли манбалардан 2,9 млрд доллардан ортиқ криптовалютани музлатиш, мусодара қилиш ва қайтаришга ёрдам берган.

Мазкур иш юзасидан АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI), Махфий хизмати ва Ички даромадлар хизматининг (IRS) жиноий тергов бўлими иш олиб бормоқда. Вазирлик хабарида «Circle Internet Financial» компанияси терговга катта ёрдам кўрсатгани ҳам қайд этилган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлими мудири Ким Ё Чен АҚШнинг айбловларини «асоссиз бемаънилик» деб атаган. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон кибержиноятчилик мавзусидан КХДР обрўсига путур етказиш учун фойдаланмоқда. Пхенян эса кибермаконни сиёсийлаштиришга қаратилган уринишларга қарши туради.

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Пхенян «Binance»га уюштирилган киберҳужумга алоқадор ёки йўқлигини билмаслигини айтган.

«Бу Шимолий Корея эканини билмаймиз. Аммо шундай бўлса, бу ҳақда улар билан гаплашамиз», — деган у журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи расмийлари дунёдаги энг йирик криптобиржалардан бири — «Binance»нинг ЕИдаги фаолиятини текширганди.

Фарангиз Бобожонова

Теглар

Мавзуга оид