Logo

АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

Бугун 11:452 дақиқа

Сурия 1979-йилдан бери АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатида эди. Мазкур мақом мамлакатнинг ташқи ёрдам олиши, мудофаа соҳасидаги савдо ва халқаро молиявий операцияларда иштирокини чеклаб келган.

АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан расман чиқарди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълумотларга кўра, қарор АҚШ Конгрессидаги 45 кунлик кўриб чиқиш жараёни якунланганидан сўнг кучга кирган. Президент Доналд Трамп 8-июл куни Конгрессни Суриянинг мазкур мақомини бекор қилиш нияти ҳақида расман хабардор қилган эди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио қарор Сурия Президенти Аҳмад аш-Шараа ҳукумати халқаро терроризмдан узоқлашиш бўйича амалга оширган чоралар ва олган мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинганини маълум қилди.

Инвестициялар учун янги имконият

Сурия Ташқи ишлар вазири Асъад аш-Шайбони АҚШ қарори мамлакатнинг жаҳон молиявий ва иқтисодий тизимига қайта интеграциялашувида муҳим қадам бўлишини билдирди.

Унинг таъкидлашича, мазкур қарор хорижий инвестициялар оқимини ошириш, мамлакатда бизнес юритиш ва урушдан вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш учун янги имкониятлар яратади.

«Энди Сурияда инвестиция киритиш, бизнес юритиш ва иқтисодиётни тиклаш юлидаги асосий тўсиқ бартараф этилди», деди Асъад аш-Шайбони.

Сурия ҳукумати қарийб 14 йиллик урушдан кейин мамлакат инфратузилмаси ва иқтисодиётини қайта тиклаш учун миллиардлаб доллар миқдоридаги сармояларни жалб қилишга умид қилмоқда. АҚШнинг ушбу қарори эса банклар ва халқаро инвесторлар учун ҳуқуқий ҳамда молиявий хавфларни камайтириши кутилмоқда.

Маълумот учун, Сурия 1979 йилдан буён АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатида эди. Вашингтон ўша вақтда собиқ президент Ҳофиз Асад ҳукуматини қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаган. Бу мақом унинг ўғли Башар Асад президентлиги даврида ҳам сақланиб қолди. Башар Асад 2024-йил декабр ойида Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчилар томонидан ҳокимиятдан ағдарилган.

АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатида энди Куба, Эрон ва Шимолий Корея қолди. Ушбу рўйхатга киритилган давлатларга нисбатан АҚШ ташқи ёрдами, мудофаа маҳсулотлари экспорти ва айрим молиявий операцияларга жиддий чекловлар қўлланади.

Трамп маъмурияти 2025-йил июл ойида Сурияга нисбатан кенг қамровли санкцияларни бекор қилган эди. Бироқ Башар Асад ва унинг яқинлари, ҳуқуқбузарликларда айбланган шахслар, наркотрафикчилар, ИШИД ва «Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳлар ҳамда Эрон вакилларига қарши мақсадли санкциялар сақлаб қолинган.

Теглар

Мавзуга оид