АҚШ ва Исроил яна Бушеҳрдаги АЭСга зарба берди
Эрон расмийлари маълум қилишича, ҳужум вақтида станция ҳудудига снаряд тушган, аммо ҳеч қандай зарар ва жабрланганлар қайд этилмаган. Халқаро атом энергияси агентлиги барча томонларни вазминликка чақириб, вазиятни кескинлаштирмаслик зарурлигини таъкидлади.

Эрондаги Бушеҳр ядровий иншооти ҳудудига АҚШ ва Исроил ҳужуми пайтида учирилган снаряд тушди. Бу ҳақда 24-март куни кечқурун Эрон атом энергияси ташкилоти хабар қилди. Унга кўра, ҳеч ким жабрланмаган ва станция объектларига зарар етмаган.
Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси барча томонларни ядровий авариянинг олдини олиш учун «энг юқори даражада ўзини тийиш»га чақирди. Бу баёнот ижтимоий тармоқда эълон қилинган.
Бушеҳр ядровий иншооти Эроннинг жануби-ғарбидаги Бушеҳр шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, 17-март куни ҳам ҳужумга учраган эди. Ўшанда ҳам станция ҳудудига снаряд тушган, аммо радиация чиқиши ёки бошқа жиддий зарар қайд этилмаган.
АЭСда россияликлар бор
«Росатом» маълум қилишича, станцияда тахминан 480 нафар россиялик ходим қолмоқда. Компания раҳбари Алексей Лихачев бу ҳодисани халқаро хавфсизлик қоидаларига «очиқдан-очиқ беэътиборлик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери компания икки марта ходимларни эвакуация қилган ва ҳозир учинчи босқичга тайёргарлик кўрмоқда.
Бушеҳр – Эрон атом энергетикасининг асосий объекти
Бушеҳр ядровий иншооти Эрон атом энергетикасининг асосий объекти ҳисобланади. У мамлакатда қурилган илк атом электр станцияси бўлиб, унинг қурилиши 1975-йилда «Siemens» кўмагида бошланган.
Ислом инқилобидан кейин ишлар тўхтатилган ва фақат 1995-йилда «Росатом» иштирокида қайта тикланган. Биринчи энергоблок 2013-йилда ишга туширилган, бир неча йил ўтиб эса иккинчи блок қурилиши бошланган.
Сўнгги йилларда станцияда техник муаммолар тез-тез кузатилиб, бу Эроннинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилишига сабаб бўлган.





