Logo

АҚШ хорижлик талабалардан 100 минг доллар талаб қилмоқчи

Бугун 11:402 дақиқа

Таклиф F-1 визаси билан Қўшма Штатларда таҳсил олаётган хорижлик талабаларга тегишли. Янги тартибга кўра, талабалар пулни икки нарса учун тўлаши керак бўлади. Ҳозиргача бу тўлов тахминан 500 доллар эди.

АҚШ хорижлик талабалардан 100 минг доллар талаб қилмоқчи © Shutterstock

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти мамлакатда ўқиётган хорижлик талабалар учун янги тўлов жорий этишни таклиф қилди. Унга кўра, АҚШда ишлашни истаган хорижлик талабалар жами камида 100 минг доллар тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Таклиф F-1 визаси билан Қўшма Штатларда таҳсил олаётган хорижлик талабаларга тегишли. Янги тартибга кўра, талабалар қўшимча амалий машғулот учун 70 минг доллар, иш жойида қўшимча таълим олиш учун эса яна 30 минг доллар тўлаши керак бўлади. Ҳозир бундай амалиёт учун тўлов тахминан 500 долларни ташкил қилади.

Бу тизим OPT деб аталади. У хорижлик талабаларга ўқиш давомида ҳафтасига 20 соатгача ишлаш ёки ўқишни тугатгандан кейин маълум муддат АҚШда ишлаш имконини беради. Фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларини тамомлаган талабалар учун эса қўшимча муддат берилади.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти янги тўловни фирибгарликнинг олдини олиш, иммиграция тизимини тартибга солиш ва америкалик ишчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этишни таклиф қилмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, бу орқали иш берувчилар, талабалар ва таълим муассасалари F-1 визаси шартларига мос фаолият юритаётганига ишонч ҳосил қилинади.

OPT дастури кўпинча хорижлик талабалар учун АҚШда кейинчалик H-1B иш визаси орқали қолиб ишлашга ўтиш босқичи бўлиб хизмат қилади. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти H-1B визасига ҳам қўйиладиган тўловларни оширган.

H-1B дастури кўп йиллардан бери Америка университетларини тамомлаган хорижлик муҳандислар, олимлар ва бошқа мутахассисларга мамлакатда ишлаш имконини бериб келади. Йирик технологик компаниялар ҳам малакали хорижлик мутахассисларга таянади.

Қизиғи, Доналд Трамп 2024-йилдаги сайлов кампанияси вақтида хорижлик талабалар учун АҚШда қолиш имкониятларини енгиллаштиришни ваъда қилган эди. У ҳатто АҚШ университетини битирган хорижликларга автоматик равишда Green Card бериш таклифини илгари сурган.

Ҳозирги таклиф эса ҳали якуний қарор эмас. У 30 кун давомида жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Кейин қоидалар тасдиқланиши мумкин. Вазирлик янги тартиб кучга киришидан олдин яна 60 кун кутишни режалаштирмоқда. Бу даврда университетлар, талабалар ва иш берувчилар янги талабларга тайёрланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп 20 млн катта ёшли америкаликка салкам 100 доллардан бермоқчилиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид