Logo

АҚШда аҳолининг учдан икки қисми Трамп сиёсатидан норози — сўровнома натижаси

23.10.2025 | 11:292 дақиқа

PRRI ва Брукингс институти ўтказган сўровда америкаликларнинг 62 фоизи мамлакат нотўғри йўналишда кетмоқда деб ҳисоблайди.

АҚШда аҳолининг учдан икки қисми Трамп сиёсатидан норози — сўровнома натижаси

Америкада ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра, фуқаролар учдан икки қисми мамлакат Трамп даврида нотўғри йўналишда кетмоқда деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Axios нашри PRRI ва Брукингс институти ҳамкорликда ўтказган йиллик тадқиқотга таяниб хабар берди.

Сўровга кўра, 62 фоиз америкаликлар АҚШ нотўғри йўналишда бораётганини айтган. Улар орасида демократлар (92 фоиз) ва мустақил сайловчилар (71 фоиз) етакчилик қилган. Республикачиларнинг фақат 24 фоизи мамлакатнинг йўналишидан норози эканини билдирган. Бу кўрсаткичлар орасидаги 68 фоизлик тафовут сўров тарихи давомидаги энг катта кўрсаткич бўлди.

Тадқиқот натижаларига кўра, 10 нафардан 6 нафар америкалик ирқий муносабатлар ёмонлашганини таъкидлаган. Шу миқдордаги иштирокчилар Трамп маъмуриятининг бошқа мамлакатлар билан муносабати, импорт тарифларини ошириши ва таълим ҳамда соғлиқни сақлаш дастурларини қисқартириши ортиқча бўлганини айтган.

Кўпчилик Трамп маъмуриятининг ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш сиёсатига ҳам қарши фикр билдирган. Умуман олганда, 56 фоиз америкаликлар Трампнинг президент сифатидаги фаолиятини маъқулламайди. Республикачилар орасида уни қўллаб-қувватловчилар 86 фоизни ташкил этса, мустақил сайловчиларда бу кўрсаткич 32 фоиз, демократларда эса 8 фоиздан ошмаган.

Қизиғи шундаки, ҳатто республикачиларнинг қарийб 30 фоизи Трампнинг иқтисодий сиёсати ва ҳукумат бошқарувига паст баҳо берган. Сўров 15 августдан 8 сентябргача 5543 нафар фуқаро орасида ўтказилган бўлиб, хато эҳтимоли ±1,79 фоизни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид