Logo

Ординатура ўрнига резидентура, бекор қилинаётган малака тоифалари ва янги устамалар: тиббиётда нималар ўзгармоқда?

Bugun 16:477 daqiqa

Янги фармон билан тиббий таълимда «5+1» тизими, резидентура, қабул баллари, давлат рўйхатидан ўтиш ва малака тоифаларига оид янги тартиблар белгиланмоқда.

Ординатура ўрнига резидентура, бекор қилинаётган малака тоифалари ва янги устамалар: тиббиётда нималар ўзгармоқда?

Президентнинг «Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида бакалавриат, магистратура, резидентура ва тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятига тааллуқли.

«5+1» тизими

2027–2028-ўқув йилидан Даволаш иши бакалавриат йўналиши негизида 6 йиллик «5+1» шаклидаги умумий тиббиёт бакалавриати жорий этилади.

Бунда дастлабки беш йил таълим жараёнига, битирувчи курсдаги бир йил эса тўлиқ амалиётга йўналтирилади.

Мазкур йўналишни тамомлаган битирувчига умумий амалиёт шифокори квалификацияси берилади. У белгиланган тартибда оилавий шифокор сифатида ишлаши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, тиббиётнинг барча бакалавриат йўналишларида битирувчи курс талабалари учун тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташ тизими жорий этилади.

Стоматология талабаларининг амалий машғулотларини ташкил этиш учун тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматология поликлиникалари бириктирилади.

Қабулда минимал чегара

2027–2028-ўқув йилидан тиббиёт ва фармацевтика ОТМларининг бакалавриат йўналишларига, жумладан мақсадли қабул доирасида ҳам, кириш учун минимал чегара белгиланади.

Талаба кириш имтиҳонида тўплаши мумкин бўлган максимал баллнинг камида 60 фоизини олиши керак бўлади.

Бу талаб фақат умумий қабулга эмас, мақсадли қабулга ҳам татбиқ этилади.

Яъни янги тартибда тиббиёт ОТМига кириш учун абитуриентнинг минимал натижаси олдиндан белгиланган бўлади.

Ўқиш жараёнида минимал ўтиш баллари

2026–2027-ўқув йилидан бакалавриат, магистратура ва резидентура дастурларида ҳар бир ўқув модулини ўзлаштириш ҳамда давлат имтиҳонларида минимал ўтиш баллари белгиланади.

Шифокор мутахассисликлари учун бу кўрсаткич энг юқори баллнинг 70 фоизи, ўрта тиббиёт ходими мутахассисликлари учун эса 60 фоизи этиб белгиланади.

Ординатура ўрнига резидентура

Тор соҳа мутахассисларини тайёрлашда клиник ординатура негизида халқаро стандартларга асосланган, давомийлиги табақалаштирилган резидентура дастурлари босқичма-босқич жорий этилади.

2027–2028-ўқув йилидан тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилади ва ординатурага қабул тўхтатилади.

Резидентурада тор мутахассисларни тайёрлаш давлат тиббиёт таълим ташкилотлари ва муассасаларида давлат гранти асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2026–2027-ўқув йилидан оилавий тиббиёт бўйича резидентура ташкил этилади. Уни тамомлаганларга оилавий шифокор мутахассислиги берилади.

Резидентурада ўқиганларга стипендия ҳам белгиланади

Давлат гранти асосида резидентурага қабул қилинган талабаларга давлат бюджети ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 2,15 коэффициенциент (2 млн 924 минг сўм) миқдорида стипендия тўланади.

Резидентура дастурини муваффақиятли тамомлаганларга халқаро стандарт таснифлагичи ҳамда Миллий малакалар рамкасининг 7-даражасига мос келувчи давлат намунасидаги диплом берилади.

Магистратурага умумий давлат буюртмаси асосида қабул параметрларининг қисқариши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳам резидентурани молиялаштиришга йўналтирилади.

Магистратура бекор қилинадими?

2027–2028-ўқув йилидан тиббиётдаги тор соҳа мутахассисликлари бўйича бирламчи ва қўшимча ихтисослаштириш фақат резидентура орқали амалга оширилади.

Шу сабабли тор мутахассисларни магистратура орқали тайёрлаш амалиёти бекор қилинади.

Магистратура эса бундан кейин асосан илмий-педагогик ва бошқарув кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.

Магистратура ўринларининг 20 фоизгача бўлган қисми амалдаги йўналишлар учун сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, олий маълумотга эга бўлган, бироқ турдош соҳаларда таълим олган номутахассисларни ҳам магистратура дастурларига қабул қилишга рухсат берилади.

Қисқа муддатли ихтисослаштириш ва интернатура тўхтатилади

Жорий ўқув йилидан қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари орқали тор соҳа мутахассисликлари бўйича қўшимча ихтисослаштириш ҳамда бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари — интернатурага қабул қилиш амалиёти бутунлай тўхтатилади.

Бу ўзгариш тор мутахассисларни тайёрлашда асосий йўл сифатида резидентурага ўтиш билан боғлиқ.

Оилавий шифокорлар амалиёт билан бирга тайёрланади

Оилавий тиббиёт резидентураси талабалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт олийгоҳларига бириктириладиган оилавий поликлиникаларда тайёрланади.

Бунда тиббий хизматларни ОТМ профессор-ўқитувчилари ва резидентлар биргаликда кўрсатади.

Яъни резидентлар бир вақтнинг ўзида таълим олади ва амалиёт ўтайди.

Нодавлат тиббиёт ва таълим ташкилотларига ҳам тор мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўз маблағлари ҳисобидан резидентура дастурлари бўйича ўқишни ташкил этишга рухсат берилади.

Тиббий ҳамроҳлик иши учун янги таълим йўналишлари очилади

Тизимда олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади.

2027–2028-ўқув йилидан ҳамширалик иши касбий таълим мутахассислиги негизида тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ҳам жорий қилинади.

Бу йўналишларни тамомлаган битирувчиларга таълим даражасига қараб хотин-қизларга ҳамшира, эркакларга тиббиёт оғаси квалификацияси берилади.

Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриати бўйича давлат буюртмаси асосидаги қабул параметрлари 2030–2031-ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади.

Шунингдек, ушбу йўналишда хорижий давлатларнинг ривожланган олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун тиббий ҳамроҳлик иши бўйича махсус магистратура дастури ҳам ташкил этилади.

2027-йилдан тиббиёт ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш бошланади

Президентнинг ПФ–192-сон, 2026-йил 10-сентябрдаги фармонига кўра, 2027-йил 1-июлдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали касбий фаолият билан шуғулланиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Ушбу тартиб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти амалга ошириладиган ихтисосликлар номенклатурасига киритилган мутахассисликларга татбиқ этилади.

Қайси мутахассисликлар давлат рўйхатидан махсус имтиҳон билан, қайсилари эса имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Бунда мезон сифатида мутахассиснинг беморга тиббий таъсир кўрсатиш даражаси ҳисобга олинади.

Барча маълумотлар ягона электрон реестрда юритилади

Давлат рўйхатидан ўтказиш, ходимларнинг касбий фаолиятини мониторинг қилиш ва маълумотлардан фойдаланиш имконини берувчи Тиббиёт ва фармацевтика соҳаси мутахассисларининг ягона электрон реестри юритилади.

Шу орқали мутахассиснинг давлат рўйхатидан ўтгани ва унинг касбий фаолиятига оид маълумотларни ягона электрон тизимда юритиш кўзда тутилмоқда.

2030-йилгача давлат рўйхатидан ўтиш ихтиёрий тартибда бўлади

2030-йилгача тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ўз мутахассислиги бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади.

Бунда ходимлар махсус имтиҳон натижасига кўра ёки малака тоифасини олиш жараёнида автоматик равишда 5 йил муддатга давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин.

Бу давр малака тоифалари амалда бўладиган ўтиш босқичи сифатида белгиланмоқда.

Малака тоифаси бериш амалиёти бекор қилинади

2030-йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш амалиёти бекор қилинади.

Шу санадан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтган шахсларга 5 йил муддатга берилади.

Давлат рўйхатидан ўтмасдан касбий фаолият юритиш тақиқланади.

Бироқ ҳозирги малака тоифалари дарҳол йўқолиб кетмайди. 2030-йилгача берилган малака тоифалари уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар сақланади.

Улар билан боғлиқ устамалар ва лавозимга оид ҳуқуқлар ҳам тегишли муддат давомида сақланади.

Яъни янги тизим 2030-йилдан тўлиқ ишлай бошласа-да, ундан олдин берилган малака тоифалари ўз муддатини тугатгунча амал қилади.

Махсус имтиҳондан ўта олмаган ходимга яна имкон берилади

Махсус имтиҳон асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган амалдаги тиббиёт ва фармацевтика ходими имтиҳондан ўта олмаса, у дарҳол ишдан четлаштирилмайди.

Бундай ходим 1 йил муддатга вақтинча давлат рўйхатидан ўтказилади.

Унга шу давр ичида имтиҳонни қайта топшириш имконияти берилади ва ходим иш фаолиятини давом эттиради.

Уч йил ёки ундан кўп ишламаган мутахассисга қўшимча талаблар

Давлат рўйхатидан ўтгандан кейин ўз мутахассислиги бўйича 3 йил ёки ундан ортиқ узлуксиз ишламаган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари касбий фаолиятини дарҳол давом эттира олмайди.

Улар аввал ихтисослашув курсларини муваффақиятли тамомлаши, кейин эса ўз мутахассислиги бўйича қайта давлат рўйхатидан ўтиши керак бўлади.

Шундан сўнг касбий фаолият билан шуғулланишга рухсат берилади.

20 йиллик стаж ва илмий даражага эга мутахассислар имтиҳонсиз рўйхатдан ўтади

Давлат рўйхатидан ўтказилаётган мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажига ва илмий даражага эга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бу тартиб узоқ йиллик иш тажрибаси ва илмий даражага эга мутахассисларга нисбатан қўлланади.

Тиббиёт ходимларининг маоши бўйича янги устамалар

2027-йил 1-январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари ёки лавозим маошларига нисбатан янги ойлик устамалар тўланади.

Улар қуйидагича:

●     оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ва шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари;

●     магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари;

●     бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари.

Шундай қилиб, устама миқдори ходимнинг эгаллаган таълим даражаси ва тегишли мутахассислигига қараб фарқланади.

Teglar

Mavzuga oid