АҚШда «Meta» ва «Google» ижтимоий тармоқларга қарамликда айбдор деб топилди
Лос-Анжелесдаги суд «Meta» ва «Google» компанияларини ижтимоий тармоқларга қарамлик келтириб чиқаришда айбдор деб топди. Даъвогарга 3 млн доллар товон пули тўланади.

Лос-Анжелес суди жюрилари «Instagram» эгаси «Meta» ва «YouTube» эгаси «Google» компанияларини ижтимоий тармоқларга қарамлик келтириб чиқаришда айбдор, деб топди. Суд қарорига кўра, компаниялар 20 ёшли даъвогарга 3 млн доллар товон пули тўлаши шарт: маблағнинг 70 фоизи «Meta», 30 фоизи эса «YouTube» зиммасига юкланди, деб ёзмоқда CNBC. «Bloomber» эса суд ҳали жарима масаласини алоҳида кўриб чиқишини таъкидлаган.
Даъвогар олти ёшидан «YouTube», тўққиз ёшидан эса «Instagram» ишлатиш натижасида оғир депрессия ва суицидал фикрлардан азият чекканини даъво қилган. Жюрилар алгоритмлар ва автоматик ижро функциялари фойдаланувчиларни тўхташдан маҳрум қилишини ҳамда компаниялар бу хавфлардан огоҳлантирмаганини қайд этди.
«Биз ҳукмга қўшилмаймиз ва ҳуқуқий имкониятларимизни ўрганамиз», — дейилади «Meta» баёнотида. «Google» эса ҳозирча вазиятга расмий муносабат билдирмади.
Бу қарор соҳа учун «Big Tobacco моменти» — тамаки компаниялари ўз маҳсулоти зарарини яширгани учун миллиардлаб жаримага тортилган 1990-йиллардаги тарихий жараёнга қиёсланмоқда.
Технология бозори учун хавф
Ушбу суд жараёни жорий йилда кўриб чиқилаётган ўхшаш даъволар сериясининг биринчиси ва энг муҳими ҳисобланади. Ёзда Калифорнияда мактаб округлари ва ота-оналар томонидан «Meta», «YouTube», «TikTok» ва «Snap» компанияларига қарши қўзғатилган жамоавий даъволар кўриб чиқилади.
«Bloomberg» нашрининг тахминича, ушбу вердикт бошқа компанияларни ҳам келишувга интилишга мажбур қилиши мумкин. «TikTok» ва «Snap» компаниялари аллақачон суд бошлангунига қадар даъвогарлар билан ўзаро келишувга эришишга улгурди. Бу жараён бутун ижтимоий тармоқлар индустрияси учун янги ҳуқуқий даврни бошлаб бериши кутилмоқда.
Дизайн нуқсонлари ва масъулият
Даъвогарларнинг асосий стратегияси ижтимоий тармоқлардаги контентга эмас, балки иловаларининг дизайн нуқсонларига — фойдаланувчини жалб қилиш ва ушлаб қолиш механикаларига қаратилган. Бу технология компанияларининг «биз фойдаланувчилар жойлаган постлар учун жавобгар эмасмиз», деган анъанавий аргументини четлаб ўтиш имконини беради.
Экспертларнинг фикрича, агар ушбу ёндашув бошқа судларда ҳам қўлланилса, ижтимоий тармоқлар ўз алгоритмларини тубдан ўзгартиришга мажбур бўлади. Бу нафақат компанияларнинг даромадига, балки глобал рақамли иқтисодиётнинг ишлаш тамойилларига ҳам таъсир қилади. Мазкур иш худди шу каби даъволар учун «намунавий модел» бўлиб хизмат қилади.





