Logo

Банкларга кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилди

Бугун 16:223 дақиқа

Андижонда кредитни фақат гаровга боғламасдан, пул оқими ва аниқ буюртмага қараб ажратиш учун 20 та янги молиявий маҳсулот яратиш топширилган эди. Мазкур ёндашув Қашқадарёда ҳам натижа бериши кераклиги айтилди.

Банкларга кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилди © Vaqt.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 22-октябр куни Қашқадарёда вилоят масъуллари билан учрашувда банклар аҳоли ва тадбиркорлар лойиҳаларига ресурс етказишда амалий натижа кўрсатиши зарурлигини айтди.

Андижонда кредитни фақат гаровга боғламасдан, пул оқими ва аниқ буюртмага қараб ажратиш учун 20 та янги молиявий маҳсулот яратиш топширилган эди. Мазкур ёндашув Қашқадарёда ҳам натижа бериши керак.

Банклар фаолияти янги маҳсулотлар сони билан эмас, улар ёрдамида ресурс олган корхоналар ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланади. Кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилди. Ҳозир кредит олиш учун 102 турдаги ҳужжат сўралмоқда. Шуларнинг 53 таси ахборот тизимларида мавжуд, яна 22 тасининг кредитга алоқаси йўқлиги айтилди.

Бу ўзгаришлар маҳаллалардаги ташаббусларни молиялаштириш ва янги иш ўринлари яратишни тезлаштириши кераклиги қайд этилди.

Туризм

Президент матбуот котибининг ёзишича, Қашқадарёга йилига 6 миллион турист жалб қилиш учун барча имконият бор. Йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келган, биргина Ғелон қишлоғига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етган.

Татаристон билан ҳамкорликда Ғелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини 2027-йилда ишга тушириш режалаштирилган. Табиатининг Ғелонга ўхшаш Чироқчидаги Тароғай, Китобдаги Башир ва Яккабоғдаги Татар қишлоқларини ҳам этнотуризм марказларига айлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Шаҳрисабз туманидаги Сайёд ва Сувтушар қишлоқларида тоғ дарёлари негизида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш мумкин.

Мутасаддиларга ушбу олти қишлоқ бўйича бир ойда мастер-режа тайёрлаб, 2027-йил 1-мартдан 50 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Шунингдек, ҳар баҳор Ғузорда «Лола ва кабоб», Кўкдалада «Чиял яхна» гастрономик фестивалларини ўтказиш йўлга қўйилади.

Президент Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникуми тажрибасига тўхталди. Унинг 32 нафар устаси яқинда Германияда малака ошириб қайтгани ва ҳозир вилоятдаги 57 та техникум усталарига ўз билимларини етказаётгани айтилди.

Қайд этилишича, ҳар йили 10-11-синфларнинг 2,5 минг ўқувчиси мазкур техникумда ҳунар ўрганиб, аттестат билан бирга касбий сертификат ҳам олади. Германиялик ўқитувчилар эса йилига 1,5 минг ёшга немис тили ва касб ўргатмоқда.

Давлат раҳбари лойиҳанинг биринчи битирувчилари билан суҳбатлашганини айтди. Уларга Европада ойига 3-5 минг евро маош тўланадиган иш ўринлари таклиф қилинмоқда.

Энди туманлардаги мактаб ўқувчиларини Илғор касбий маҳорат техникуми ва янгича методика асосида ишлаётган 57 та техникумга жалб қилишнинг аниқ йўналишларини ишлаб чиқишга топшириқ берилди.

Робототехника чемпионлари пул олади

Келаси йилдан барча туманларда биттадан мактабда аниқ фанларни чет тилида ўқитиш бошланади. Йил якунигача ҳар бир туманда робототехника тўгараги очилиб, жиҳозланади. Ҳар йили март ойида ўқувчилар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилади. Биринчи ўрин эгасига 30 миллион, иккинчи ўринга 20 миллион, учинчи ўринга 10 миллион сўм мукофот берилади.

Уй-жой масаласи

Қашқадарё аҳолиси кўпайгани сари замонавий уй-жойларга талаб ҳам ортиб бормоқда. Шу боис, Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасида 5 минг гектар майдонда 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри барпо этилади. Қарши туманидаги канал бўйида эса 235 гектарлик «Янги Насаф» экомажмуасининг қурилиши бошланади.

Нуфузли архитектура компаниялари жалб этилиб, икки ойда илғор шаҳарсозлик ечимларини қамраб олган бош режа ишлаб чиқилади. Уни тайёрлаш учун дастлаб 20 миллиард сўм ажратилади. Янги ҳудудларда кўп қаватли бинолар, савдо ва бизнес марказлари, уй-жойлар «яшил» ва «ақлли» шаҳар тамойиллари асосида қурилади.

Вилоятда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича ҳам «Қашқадарё тажрибаси» яратилади. Ҳар йили Наврўз арафасида «Энг яшил маҳалла» танлови ўтказилиб, ғолиблар электромобиль ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилганди.

Теглар

Мавзуга оид