add

Барча масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилади — Мусулмонлар идораси

25.11.2025 | 12:479182 дақиқа

«Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 2025 йил 28 ноябр куни жума намозидан кейин юртимиздаги барча масжидларда Аллоҳ таолодан тавба-тазарру, истиғфор ила ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади», дейилади диний идора хабарида.

Барча масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилади — Мусулмонлар идораси

Ўзбекистонда жорий куз мавсуми ёмғирсиз ўтаётгани ва яқин кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани боис Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан мамлакат масжидларида истисқо намози ўқилиши белгиланди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Диний идора маълумотига кўра, 2025 йил 28 ноябр куни жума намозидан кейин барча масжидларда «Аллоҳдан ёмғир сўраб», жамоат билан икки ракат истисқо намози адо этилади.

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғмай, сувсизлик бўлган даврларда жамоат билан қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраладиган истисқо намози фазилати ҳадис китобларида баён қилинган», дейилади матбуот хизматининг хабарида.

Қарорга кўра, истисқо билан бир қаторда вилоят ва туман марказларидаги масжид ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, етим-есирлар ва муҳтож оилаларга тарқатилади. Бу амал қурғоқчилик пайтида хайр-эҳсон қилингани барака келтириши ҳақидаги диний таълимотларга таянган ҳолда амалга оширилиши айтилган.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий «Саҳиҳи Бухорий» асари шу йил 28 ноябрь куни жума намозига қадар хатми кутуб қилинади. Зеро, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ”лари қурғоқчиликда ўқилганда, Аллоҳ таолонинг иродаси ила ёмғир ёққани тарих китобларида ёзилган», дейилган хабарда.

Шунингдек, Умра зиёратида бўлиб турган имом-домлаларга ҳам Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари билан истисқо намозини ўқиш тавсия этилган.

Теглар

Мавзуга оид