Logo

«Беҳзод Мусаев қонундан аввал камида ахлоқий жиҳатдан лавозимини ташлаб кетиши керак эди» — журналист

Fikr vaqti дастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистон миграция тизими ва у билан боғлиқ муаммоли жиҳатлар таҳлил қилинди. Дастур давомида чиқиш қилган ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад миграция соҳасидаги шубҳали бўлган қатор жиҳатларга эътибор қаратган бўлса, журналист Санжар Саид ўзи билан боғлиқ турли қонунбузаликлар текширилаётган пайтда агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев камида аҳлоқий сабаблар билан лавозимини тарк этиши керак эди, дея фикр билдирди.

Илёс Сафаров:

— Беларусдаги вазият Ўзбекистонда миграцияга оид ягона салбий, мунозарали ҳолат эмас. Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ жуда катта жиноят иши ва бу иш доирасида тергов бошланиб, қидирувлар эълон қилинганига кўп бўлмади. Ундан аввал ҳам соҳа раҳбарлар қамалган, яна чиққан ва яна жиноят қилган ҳолатлар кўп. Нима дейсизлар, нега бу соҳада бизда тартиб йўқ, тизим йўқ ва тозалаб бўлмас соҳа бўлиб қоляпти?

— Ботиржон Шермуҳаммад:

— Энди балким биз жамоатчилик ўзимиз ҳам бир талаб қилишимиз керакдир. Мана биз яқинда бир янги нарсани очдик, эълон қилдик ўзимизнинг сайтимизда ҳам. Муаммо шундаки, мана савол бердингиз-ку, нега миграция агентлиги статистика қилиб бермаяпти? Энди савол туғилади, миграция агентлигининг хаёлида нима?

Мен сизга айтаман нималигини. Тасаввур қилинг, миграция агентлиги Жанубий Кореяга ишга юбориш, Жанубий Корея эмас, умуман четга ташкилий равишда ишга юборишни... Ишга юборишда миграция агентлиги фуқароларни рекрутинг билан шуғулланганлиги учун шарҳ олади, пул олади. Яъни тарифлари бор. Шу тарифлари қилинган буйруқни қабул қилган, ўша Беҳзод Мусаев имзоси билан қабул қилган ва мана шу буйруқни хизмат доирасида фойдаланиш учун грифини қўйиб қўйган. Яъни буни жамоатчиликдан яшириб қўйган. Бу на Lex.uz'да бор, на бир миграция агентлигининг ахборот ресурсида бирор марта эълон қилинган. Бу нарса бирор марта эълон қилинмаган, Lex.uz'да ҳам йўқ.

— Сен ўзингга тўғри бўлсанг, ўзингга шаффоф бўлсанг, нима қиласан уни яшириб?

— Худди шундай. Очиқ эълон қилиб қўй. Сен фуқаролардан пул оляпсан, давлат хизмати, давлат органи томонидан хизматлар учун пул олиняпти. Энди уни нимаси — уни ҳажми эълон қилинмайди, яширилади. А бу яширин бўлар экан, потенциал коррупциянинг макони бўлади-ку.

Санжар Саид:

— Энди яширилишининг сабаби ҳам бор-да, сабаби жуда ҳам қиммат. Мана 50 БҲМ бўлади. 40 БҲМ 16 миллион 400... 16 миллион 400 мингмиди? 16 миллион 400 минг атрофидаги пулни ҳамма имтиҳон, ҳаммадан ўтиб, ҳамма харажатларни тўлаб бўлган Ўзбекистон фуқаросидан фақатгина рекрутинг хизмати, яъни ўзининг хизмати учун оляпти. Бунга нима киради деган саволга жавоб йўқ.

— Кореяга ишчи юборадиган фақат Ўзбекистон эмас, қўшни давлатлар ҳам бор. Атрофимизда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон бўлиши мумкин. Уларда вазият қандай экан? Мана шунинг ўзида ҳам нима қилади-ку, ойдинлашади.

— Ботиржон Шермуҳаммад:

— Шуни биз таҳлил қиляпмиз ҳозир. Ярим маълумот келди, ярим келган йўқ, лекин ҳозиргача келган маълумот бўйича Тожикистон, Қирғизистон ўз фуқароларидан ҳеч қандай пул олмас экан. Яъни ўша расмий 28 АҚШ доллари миқдорида корейс тили бўйича имтиҳон бор, унга олинади. Ундан бошқа тўлов йўқ.

Бизда биласизми, мана шу корейс тилидан 28 доллар. Ундан ташқари, тиббий кўрик 1 миллион сўм. Ундан ташқари, ўша 40 БҲМ — 16 миллион 400 минг сўм хизмат учун. 10 БҲМ кўниктириш дарслари учун — 4 миллиондан ошиқ. Ва ундан ташқари, 70 доллар биламиз ўша Кореянинг элчихонасидан олинадиган, консулдан олинадиган виза нақд пули, ундан ташқари ўша авиабилет пули, авиачиптанинг пули. Яъни битта Ўзбекистон фуқароси, агар сиз ҳеч қанақа коррупция қўшмасдан, ҳалол йўл билан бормоқчи бўлсангиз, камида 25 миллион сўм пул сарфлайсиз.

— Улар ўзи ишсизликдан кетяпти. Ишга кетаётган одам, у яна неча ой тайёргарлик кўрган, корейс тилидан пул сарфлаган, вақт сарфлаган.

Ботиржон Шермуҳаммад:

Битта нарса бор, бу ҳали расмий тўловлар. Расмий тўлов. У биламиз, коррупцияга ботган.

Бу билан жуда кам одам кетган, биринчидан. Иккинчидан, мана шу расман эълон қилинмаганлиги, хизмат доирасида фойдаланиш учун эканлиги... Кеча мен гаплашдим бир қанча одамлар билан. Миграция агентлиги ходимлари хоҳлаган нархни айтар экан. Масалан, келди, "билетга пул юборинг 7 миллион, 6 миллион, 9 миллион" деяверар экан. У аслида 3 миллион бўлиши мумкин. Ҳеч ким унга норозилик билдириб, этироз қилиб, "нега унақа" деёлмас экан. Чунки қўрқар эканки, "эртага мени юбормай қўяди" деган мақсадда.

— Албатта, бунча тўловни қилиб, қарзга ботиб кетгандан кейин ишдан ташқари ишлашга мажбур бўлади. У ерда албатта кейин жиноятчи қаторида кўрилади. Давлатнинг ишчилар орқали обрўйи тушади, фуқаролар камаяди.

Ботиржон Шермуҳаммад:

— Энди агентликдан сўрасангиз, "нега буни яшириб олгансизлар", десангиз айтадики: "Энди, — дейди, — нима, миграция агентлиги давлат бюджетидан пул олмайди, — дейди, — биз ўзимизни ўзимиз таъминлашга ҳаракат қиляпмиз", — дейди. Кўряпсизми? Агентликнинг хаёлида нима? Агентликнинг хаёлида — пулни аҳолидан олиб, ўзини таъминлаб, уни яшириб олиш.

— Санжар Саид:

— Энди битта нарсаси бор бу ерда, фақат Кореяга 50 БҲМ. Қолган давлатларда унақа эмас. Япония 10 БҲМ, Россиялар текин.

— Йилнинг охиригача Россия, Европа, араб мамлакатларига пул олинмас экан. Яъни 3000-4000 атрофидаги Ўзбекистон фуқароси — Кореяга кетаётганлар, бутун Ўзбекистоннинг, бутун Ўзбекистоннинг миграция агентлигининг бюджетини тўлдириб, бошқа давлатларга юборишни ҳам таъминлаб бериши керак экан.

— Шу агентликнинг раҳбари Беҳзод Мусаев билан боғлиқ эҳтимолий қонунбузарликлар ва бошқа турли айбловлар ҳуқуқ органлари томонидан текшириляпти ва нормал жараёнда Мусаев мана шу текширувлар тугагунга қадар ҳам иш фаолиятидан четлаштириб турилиши керак эмасмиди?

— Санжар Саид:

— Қонуний жиҳатини билмадим, лекин ахлоқий жиҳатдан умуман лавозимини ташлаб кетиши кирак эди. Истеъфога чиқиши керак эди. Нормал давлатларда, нормал жамиятларда кичкинагина муаммо учун ҳам вазирлар, керак бўлса президентлар, бош вазирлар истеъфога чиқади. Виждонсизлик, ахлоқсизлик урчигани учун ҳам шунақа ҳолатлар бизда кўпайган.

— Ботиржон Шермуҳаммад:

— Энди ҳеч бўлмаганда оммага чиқиб, бир тушунтириш берилиши керак эди, интервью берилиши керак эди. Мана биз расмий хат қилиб, сўров юборганмиз саволларга, ҳали жавоб олганимиз йўқ. Интервью таклиф қилганмиз, ҳали келган ҳеч ким розилик берган йўқ.

Яъни бунақанги кризис пайтида — мана ПР бўйича мутахассис айтяпти — нима айтиш мумкин, яъни давлат органи нима қилиши керак? Ўзини ҳамма жойдан яшириб, ҳеч нарса бўлмагандек тутиши керакми ёки бунақанги жиддий иддаолар келяпти, овозлари бор, ҳужжатлар кўрсатиляпти. У ҳалиги бир шунчаки осмондан олиб туриб эълон қилинган нарса эмас-ку. Ўзининг собиқ ходими томонидан ўзаро ёзишмалардаги овозлар — у ҳали экспертизага берилиши керак, бошқа.

Ҳуқуқ органларига ташланди, мана ишланяпти.

Яъни бу ердан чиқиб бирдан мана шу тушунтириш берилиши керак эди. Ўша иддаоларга бир изоҳ берилиб, одамларнинг саволларига жавоб бериш. Ҳозир нима бўляпти? Ҳаммамиз ўтириб миш-мишларни муҳокама қилиб ўтирибмиз-да нима бўлганда. Бу нарса албатта шу саволлар урчишига олиб килади, одамларда ишончсизлик пайдо қилади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Теглар

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 114

Барчаси

Мавзуга оид

«Беҳзод Мусаев қонундан аввал камида ахлоқий жиҳатдан лавозимини ташлаб кетиши керак эди» — журналист | Vaqt.uz