Logo

Бир доллар — 2,8 миллион риёл: Эронда нималар бўляпти?

Бугун 20:154 дақиқа

24 ноябр куни Эрон эркин валюта бозорида миллий валюта навбатдаги антирекордни қайд этди. Мамлакатда йиллик инфляция 88,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Бир доллар — 2,8 миллион риёл: Эронда нималар бўляпти? © Ijtimoiy tarmoqlar

Эрон миллий валютаси — риёлнинг АҚШ долларига нисбатан қиймати кескин пасайиб, эркин бозорда бир доллар 2,8 миллион риёлдан ошди. 24 ноябр куни қайд этилган бу кўрсаткич 12 ноябрдаги курсдан қарийб 6 фоизга юқори.

Валютадаги навбатдаги кескин пасайиш АҚШ Эроннинг хорижий молиявий тармоқларига алоқадор ўнлаб компания ва шахсларга санкция жорий этганидан сўнг юз берди. Янги чекловлар орасида мамлакатнинг валюта айирбошлаш тизимида муҳим ўрин тутувчи ташкилот ҳам бор.

Бироқ Эрон иқтисодиётидаги муаммолар фақат янги санкциялар билан чекланмайди. Юқори инфляция, ташқи савдодаги қийинчиликлар, хорижий валюта тушумларини мамлакатга қайтаришдаги тўсиқлар ва иқтисодий чекловлар риёлнинг узоқ вақтдан буён қадрсизланишига сабаб бўлаётган асосий омиллар бўлиб қолмоқда.

Доллар 2,8 миллион риёлдан ошди

Эроннинг эркин валюта бозорида 24 ноябр куни бир АҚШ доллари 2 802 000 риёлдан сотилди. Бу 12 ноябрдаги 2 642 000 риёллик кўрсаткичдан қарийб 6 фоизга юқори.

Шу куни евро курси 3 056 500 риёлга, Британия фунти эса 3 653 400 риёлга етди.

Бу рақамлар Эрондаги валюта бозорини кузатувчи манбалар маълумотларига асосланади. Жумладан, «Iran International» дастлаб доллар курсини 2 802 000 риёл деб кўрсатган, кейинги янгиланишларда эса у 2 830 000 риёлгача кўтарилган. «Анадолу» агентлиги «АланЧанд» кузатув сервисига таяниб, курс 2 856 000 риёлга етганини, бошқа бир сервис — «Пашизи»да эса сотиш курси 2 848 000 риёл бўлганини хабар қилди.

Бундан ташқари, мамлакатда расмий ва эркин бозор курслари ўртасида катта тафовут мавжуд. Масалан, 24 ноябр куни Марказий банк эълон қилган расмий курслар рўйхатида бир доллар 1 951 866 риёл деб белгиланган. Бу эркин бозордаги 2,8 миллион риёллик кўрсаткичдан анча паст.

АҚШ Эроннинг молиявий тармоқларига қарши санкция киритди

Риёлнинг кескин қадрсизланиши 23 ноябр куни Вашингтон янги иқтисодий чекловлар эълон қилгани ортидан юз берди.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, «Иқтисодий четлатиш» операцияси доирасида Эрон билан боғлиқ 22 ташкилот ва 8 нафар жисмоний шахс санкциялар рўйхатига киритилган. Чекловлар Эроннинг хорижий молиявий операцияларини амалга оширувчи айирбошлаш компаниялари, воситачи тузилмалар ва уларнинг масъулларига қаратилган.

Шунингдек, рўйхатга Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Гонконгда рўйхатдан ўтган қатор тижорат компаниялари ҳам киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги ушбу тузилмалар Эроннинг яширин банк тармоғига алоқадорлигини билдирди. Вашингтоннинг таъкидлашича, бу тизим Эрон компанияларига хорижий валюта олиш, халқаро тўловларни ўтказиш ва амалдаги санкцияларни четлаб ўтиш имконини берувчи молиявий инфратузилманинг бир қисми саналади.

АҚШ идораси маълумотига кўра, бу тизим Марказий банк назоратида бўлиб, мамлакатдаги айирбошлаш шохобчалари ва банкларга боғлиқ воситачи компаниялар орқали ишлайди. Улар халқаро савдодаги пул оқимларини турли юрисдикциялар орқали ўтказишга ёрдам беради. Хусусан, Дубай ва Гонконгдаги компаниялардан фойдаланилиб, халқаро молия тизимида миллиардлаб долларлик операциялар амалга оширилган.

Санкциялар 2026 йил 24 августда эълон қилинган «Иқтисодий четлатиш» дастури доирасида жорий этилди. Ушбу дастур Эроннинг нефт даромадлари, ташқи савдоси ва молиявий операцияларини таъминловчи каналларни чеклашни мақсад қилади. АҚШ Молия вазирлиги янги чекловлар Эрон билан ишловчи хорижий компаниялар учун ҳам санкция хавфини оширишидан огоҳлантирди.

Эрон Марказий банки раҳбари санкцияларни тан олмади

Вашингтоннинг янги чекловларига Эрон Марказий банки раҳбари Абдолносир Ҳимматий муносабат билдирди.

У АҚШ санкцияси остига тушган Валюта ва олтин айирбошлаш маркази фаолиятини яширадиган тузилма эмаслигини, аксинча, оддий валюта операцияларини қайд этувчи очиқ платформа эканини таъкидлади. Ҳимматийнинг таъкидлашича, АҚШда чеклов жорий этиш учун янги объект топиш имкониятлари қолмаган. Унинг фикрича, манзили, номи ва веб-сайти очиқ бўлган марказни яширин молиявий тизимнинг бир қисми сифатида кўрсатиш асоссиз.

Инфляция 88,7 фоизга етди

Эрон риёлининг қадрсизланиши мамлакатдаги юқори инфляция фонида кечмоқда, бу эса аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатяпти.

Эрон Статистика маркази маълумотига кўра, маҳаллий календардаги меҳр ойи якунига — 22 октябрга келиб истеъмол нархлари бир йил аввалги даврга нисбатан 88,7 фоизга ошган. 12 ойлик ўртача инфляция 76,8 фоизни, бир ойлик инфляция эса 4,4 фоизни ташкил этган.

Айрим товар гуруҳларида нарх ўсиши янада юқори: бир йил ичида тамаки маҳсулотлари 163,2 фоизга, мебел ва уй-рўзғор буюмлари 128,9 фоизга, транспорт хизматлари эса 128 фоизга қимматлашган. Озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари гуруҳида йиллик нарх ўсиши 113,4 фоизга етган.

Ҳудудлар ўртасида ҳам сезиларли фарқ кузатилган: қишлоқ жойларда йиллик инфляция 107 фоизни, шаҳарларда эса 85,5 фоизни ташкил қилган.

Теглар

Мавзуга оид