
Биринчилардан бўлиб: Австралия болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлади
Бош вазирга кўра, қонун болаларнинг болалик ҳуқуқи ва ота-оналарнинг хотиржамлигини ҳимоя қилади.

Австралия дунёда биринчи бўлиб болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлаган мамлакат бўлди. У ерда 10 декабр куни 16 ёшдан кичик болалар учун TikTok, Facebook, Instagram, YouTube, X, Reddit ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун кучга кирди. Қонунга риоя қилмаслик учун жавобгарлик ижтимоий тармоқ эгаларига юкланади. Агар улар киришни тўсиш учун зарур чораларни кўрмаса, 49,5 миллион Австралия долларигача (33 миллион АҚШ доллари) жарима тўлашга мажбур бўлади. Бундай чоралар орасида 16 ёшдан кичик болаларнинг ҳисобларини ўчириш ва бу ёшдаги янги фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш ҳам бор.
Ҳозирги кунда 10 та ижтимоий тармоқ ва хизматга тақиқ жорий этилган — Facebook, Instagram, Snapchat, Threads, TikTok, Х, YouTube, Reddit, Kick ва Twitch. Австралия ҳукумати бу рўйхат мунтазам равишда қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
Қонун ижроси тўғридан-тўғри платформалар зиммасига юклатилади. The Guardian нашри таъкидлашича, Австралия қонунчилигининг талабларидан бири шундан иборатки, фойдаланувчи кўрсатган туғилган сана ёш тасдиғи учун етарли бўлмайди. Текшириш учун банк ҳисоб рақамлари, фотосуратли шахсий гувоҳнома ёки селфилардан фойдаланиш мумкин. YouTube ёшни «Google ҳисобида кўрсатилган сана ва бошқа белгилар асосида» аниқлашни режалаштирмоқда.
Ижтимоий тармоқлар қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишга ваъда берди:
— Snapchat’даги болалар ҳисоблари уч йилга ёки эгаларига 16 ёш тўлгунга қадар тўхтатилади;
— Ўсмирлар YouTube ҳисобларидан автоматик тарзда чиқарилади, уларнинг каналлари бошқа кўринмайди.
— Болалар 16 ёшга тўлгач, каналларини қайта фаоллаштира олишлари учун ҳисоб маълумотлари сақланиб қолинади.
— TikTok 16 ёшгача бўлган болаларнинг барча ҳисоблари 10 декабр куни фаолсизлантириладиган бўлишини маълум қилди. Болалар жойлаган контентни энди кўриб бўлмайди.
— Twitch хабарига кўра, 10 декабрдан бошлаб Австралияда 16 ёшдан кичик болаларга янги ҳисоблар очишга рухсат берилмайди, аммо уларга тегишли мавжуд ҳисоблар 9 январгача фаолсизлантирилмайди.
— 4 декабр куни Meta 16 ёшдан кичик болаларнинг Instagram ва Facebook'даги ҳисобларини ўчиришни бошлади.
Албанезе тақиқ кучга киришидан олдин видеомурожаат ёзиб, болаларга келаётган мактаб таътиллари даврида муқобил машғулотлар топишни маслаҳат берди.
«Янги спорт тури билан шуғулланинг, янги мусиқа асбобини чалишни ўрганинг ёки жавонингизда узоқ вақтдан бери ётган китобни ўқиб чиқинг», - дея тавсия қилди у.
«Дўстлар ва оила билан вақт ўтказиш муҳим», - деб таъкидлади бош вазир.
Австралиянинг ABC телеканалига берган интервюсида у қонуннинг кучга киришини «Австралия оилалари йирик технология компаниялари устидан назоратни ўз қўлларига қайтариб олган кун» дея таърифлади.
«Улар [оилалар] болаларнинг бола бўлиб қолиш, ота-оналарнинг эса хотиржам бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилади», - дея қўшимча қилди у.





