
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинди
Ўзбекистонда 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бугунги кун мен ва жамоам учун алоҳида аҳамиятга эга, деб ёзди Шаҳноза Мирзиёева.

Ўзбекистонда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги давлат сиёсати қабул қилинди. Президентнинг «2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Ҳужжат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Стратегия «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг амалий ижросини таъминлаш, шунингдек болалар учун барқарор, тизимли ва самарали ҳимоя механизмларини жорий этишни кўзда тутади. Ҳужжат INSPIRE халқаро ёндашувлари, илғор жаҳон тажрибаси ва энг яхши амалиётларга асосланган.
«Бугунги кун мен ва жамоам учун алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз томонидан «2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат устида жамоамиз билан катта ва масъулиятли иш амалга оширилди. Болаларни ишончли тарзда ҳимоя қиладиган самарали тизимни шакллантириш мақсадида жаҳон тажрибаси ва энг илғор амалиётлар чуқур ўрганилди.
2026 йилдан бошлаб профессионал тутинган оилалар билан иш бошланади. Болалар психологлар ва ҳуқуқшунослар ёрдамини олиш имкониятига эга бўладилар, оилалар эса зарур кўмак ва оилавий терапия хизматлари билан таъминланади. Оилани парчалаш эмас, балки уни қўллаб-қувватлаш ва қайта тикланишига ёрдам бериш устувор вазифа ҳисобланади.
Республика ўқув-тарбия муассасаларини тўлиқ ёпиш бўйича қатъий қарор қабул қилинди. Уларнинг ўрнида антиижтимоий хулқ-атворга эга болалар учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларда асосий эътибор жазолашга эмас, балки болаларни жамиятга мослаштириш ва соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилган бўлади.
Мен учун энг аҳамиятли ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлардир. Тергов ва суд жараёнлари жабр кўрган бола учун қўрқув ёки оғриқ манбаига айланмаслиги керак.
Бу кенг кўламли ислоҳотларнинг фақат бир қисми. Ушбу муҳим ва масъулиятли вазифани амалга оширишда ҳисса қўшган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоасига ҳамда барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман», — деб ёзди Шаҳноза Мирзиёева.
Стратегия доирасида 2026 йилдан профессионал қабул қилувчи (foster) оилалар институти жорий этилади. Болаларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади, оилалар эса қўллаб-қувватлаш ва оилавий терапия хизматлари билан таъминланади. Асосий тамойил — оилани парчалаш эмас, балки уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш.
Республика ўқув-тарбиявий муассасаларини тўлиқ ёпиш ва улар ўрнида антисоциал хулқ-атворга эга болалар учун ижтимоий интеграция марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу марказларда жазолаш эмас, балки реабилитация ва жамиятга мослаштириш устувор бўлади.
Қонунчиликка киритиладиган ўзгаришлар орқали болага дўстона адлия тамойиллари жорий этилади. Зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болалар учун бепул юридик ёрдам таъминланади, тергов ва суд жараёнларида ижтимоий ходимлар иштирок этади, кўрсатмалар мажбурий видеойозувга олинади.
Шунингдек, «Хавфсиз мактаб» концепцияси жорий этилади, буллинг ва рақамли зўравонликка қарши чоралар кучайтирилади. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини яшириш ёки хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик киритиш таклиф қилинмоқда.
Стратегия болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган комплекс ислоҳотларнинг муҳим босқичи сифатида баҳоланмоқда.





