
«Бу шармандалик»: Европа Россияга Украинага нисбатан 1,5 баробар кўпроқ маблағ жўнатди
Украинадаги уруш давомида Европа Москвага товарлар ва энергия ресурслари импорти учун тўлаган пул миқдори Киевга юборган маблағдан бир ярим баробар кўплиги маълум бўлди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Европа Иттифоқи Россияга товарлар ва энергия ресурслари импорти учун Украинага кўрсатган ёрдамидан 124 миллиард евро кўпроқ тўлаган. Бу ҳақда Швеция ташқи ишлар вазири Мария Малмер Стенергард 20 ноябр куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши йиғилиши доирасида маълум қилди.
«Европейская правда» газетасига кўра, Швецияда Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлашдан кўра Россиядан импортга кўпроқ маблағ сарфлаётганига эътибор қаратилди.
«Ҳақиқат шундаки, Украинани қўллаб-қувватлаш (ЕИ томонидан) етарлича катта эмас, Россияни қўллаб-қувватлаш эса жуда катта», - деди Стенергард.
Унинг айтишича, кенг кўламли босқиндан бери Европа давлатлари ва Европа Украинани 187 миллиард евро миқдорида қўллаб-қувватлаган.
«Худди шу даврда биз 201 миллиард евролик Россия нефти ва газини импорт қилдик. Агар бошқа импорт товарларини қўшсак, умумий сумма 311 миллиард еврони ташкил этади. Бу шуни англатадики, биз Украинани 124 миллиард евро миқдорида кам қўллаб-қувватлаяпмиз», -дея ғазабланди Швеция вазири ва журналистларга тегишли жадвални кўрсатди.
«Бу шармандаликдан бошқа нарса эмас», - дея таъкидлади у.
Унинг фикрича, Украинани қўллаб-қувватлашни ва Россияга босимни оширмасак, ҳеч қандай оқилона тинчлик музокаралари бўлмайди.
«Музлатилган активлардан Украина фойдасига фойдаланиш жуда яхши бошланиш бўларди», - дея таъкидлади Мария Малмер Стенергард.
«Европейская правда» нашрининг ёзишича, Россия аллақачон Европадаги музлатилган активларини мусодара қилинишига тайёргарлик кўра бошлаган.
Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқини Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича келишмовчиликларни бартараф этишга чақириб, янги молиялаштириш Москва билан курашни давом эттириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини айтди.
Аввалроқ, Европа Иттифоқидаги Росактивларнинг асосий қисми сақланадиган Белгиянинг баъзи огоҳлантиришлари туфайли режанинг тасдиқланиши тўхтатиб турилганди.
Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан Украинани молиявий қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш масаласи кун тартибида қолишини ва якуний қарор 2025 йил декабрь ойида қабул қилинишини таъкидлади.





