Logo

Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди

Бугун 14:352 дақиқа

Текширувда бозорда ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол бузилгани аниқланди. Бозор фаолияти барча камчиликлар бартараф этилгандан сўнг қайта тикланади.

Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди © yandexmaps

Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол бузилгани ва фавқулодда вазиятлар хавфи юқорилиги сабабли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганишлар давомида қоидабузарликлар асосан бозорнинг кийим-кечак қисми ва унга туташ ҳудудда аниқланган. Хусусан, тадбиркорлар ўт ўчириш машиналари ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўлларни тўсиб олган ва савдони белгиланган 1 метрлик меъёрдан чиқариб юборган.

Шунингдек, дўкон пештоқлари матолар ва тез ёнувчан пластик қопламалар билан тўсилгани, айрим дўконларнинг томида эса тез ёнувчан алюкобонд ишлатилгани маълум бўлган. Электр симлари меъёрларга мос эмас ва тартибсиз ўтказилган.

Бундан ташқари, дўконлар ёнғин ҳақида автоматик хабар берувчи қурилмалар билан тўлиқ жиҳозланмаган. Ер ости сув олгичлари носоз ҳолатда экани, ўт ўчириш бурчакларида ҳам камчиликлар мавжудлиги қайд этилган.

Камчиликларни бартараф этиш топширилди

Бозор фаолияти вилоят иқтисодий суди қарори билан тўхтатилган. Бунга қадар ҳудудни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, солиқ бошқармаси ва ишчи гуруҳ ўрганиб чиққан. Дўкон эгалари ва бозор маъмуриятига камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш топширилди. Улар тўлиқ тузатилгач, бозор фаолияти қайта тикланади.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги деҳқон бозорларини бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ва модернизациялаш жараёнлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли тахмин ҳамда саволларга изоҳ берганди.

Теглар

Мавзуга оид