Бухорода 900 та «ёпилган» корхона икки ойда 1,3 млн кВт-соат ток ишлатди

Бугун 17:352 дақиқа

«Кўкдала тажрибаси» асосида 19 та туман-шаҳарда давлат идораларини ягона маъмурий марказга кўчириш бошланмоқда.

Бухорода 900 та «ёпилган» корхона икки ойда 1,3 млн кВт-соат ток ишлатди © Президент матбуот хизмати

Бухоро вилоятида ўтган йили фаолиятини гўёки тўхтатган 900 дан зиёд корхона январ-феврал ойларида 1 миллион 300 минг киловатт-соат электр, 480 минг куб метр газ ишлатгани аниқланди. Бу ҳақда бугун, 24-апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ўтган йили яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида фармон имзоланиб, бу масалага қаттиқ киришилди. Лекин биринчи чоракда кузатилмайдиган иқтисодиёт Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразмда 40 фоиздан, Андижон, Фарғона, Бухорода 30 фоиздан юқори бўлди.

Бухоро вилоятидаги ҳолат таҳлил қилинганда, ўтган йили фаолиятини гўёки тўхтатган 900 дан зиёд корхона январ-феврал ойларида 1 миллион 300 минг киловатт-соат электр, 480 минг куб метр газ ишлатгани аниқланди. Шунингдек, 12,5 мингта транспорт воситасида юклар норасмий ташилгани оқибатида 40 миллиард сўм солиқ тушуми бой берилган. Биринчи чоракнинг ўзида уй-жой нархини камайтириб кўрсатиш оқибатида 1 триллион 800 миллиард сўмлик пул айланмаси яширилган.

Вилоят прокурорлари, ички ишлар ва солиқ бошқармаларига хуфиёна иқтисодиёт билан курашишда ишни қандай ташкил қилиш бўйича аниқ методология қилиб берилди. Энди барча ҳудудларда ишни шу тартибда туманбай ташкил қилиш топширилди.

Кўкдала тажрибаси

Туманлардаги марказий кўча, аҳоли гавжум жойларнинг катта қисмида давлат идоралари жойлашган. «Кўкдала тажрибаси» асосида 19 та туман-шаҳарда давлат идораларини ягона маъмурий марказга кўчириш бошланмоқда. Лекин қолган ҳокимлар ўзи ташаббус кўрсатиб, идораларни битта бинога олиб келиб, электр, газ, сув ва таъмирлашга кетадиган харажатини тежаш, тайёр инфратузилмаси бор жойларни тадбиркорларга таклиф қилишни ўйламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ваҳоланки, шунинг ўзидан давлат идораларида йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр ва 340 миллион куб метр газ тежалади. Бу ишларни барча туманларда ташкил қилиш орқали бизнес учун 5 миллион квадрат метр жой очиш бўйича беш йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Жорий йил 26 та туманда давлат идораларини бир жойга кўчириш бошланиши шартлиги қайд этилди.

Янги маъмурий марказлар қуришда ҳар бир ходимга тўғри келадиган майдон ўртача 15 квадрат метрдан ошмаслигини таъминлаш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид