
Бухородаги цехда портлаш содир бўлди. 4 киши ҳалок бўлган
Когон туманида портловчи моддалар ишлаб чиқарилувчи цехда юз берган кучли портлаш тўрт ишчининг ҳаётига зомин бўлиб, тан жароҳатлари олган яна тўрт нафар ходим эса шифохонага етказилган.

Бухорода цехдаги портлаш оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 6 декабрь куни соат 09:40 да «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида жойлашган «Шамс Лтд» корхонасига қарашли портловчи моддаларни тайёрлаш цехида рўй берган. Портлашдан кейин ёнғин келиб чиққан ва фавқулодда хизматларнинг еттита қутқарув бўлинмаси ёнғинни соат 10:27 да тўла ўчирган.
Ҳодиса вақтида омборда 30 нафар ишчи бўлгани, улардан тўрт нафари ҳалок бўлгани маълум қилинди. Енгил тан жароҳати олган тўрт ходим шифохонага ётқизилган, икки нафарга амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Воқеа юзасидан зарар кўрганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган.
Ҳодиса юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Вазирлар Маҳкамаси махсус Ҳукумат комиссиясини тузди. Комиссияга Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов раҳбар этиб белгиланди. Унга портлаш сабабларини аниқлаш, оқибатларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
ФВВ хабарига кўра, ҳодиса содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олинган ва бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Терговга оид қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон қилинади.
Бундан бир неча кун олдин, 2 декабрь куни Гулистондаги овқатланиш шохобчасида газ баллони портлаши оқибатида 29 киши жароҳатланган ва уч нафар инсон ҳалок бўлгани ҳам маълум қилинган эди.





