
Дания почтаси 400 йилдан сўнг қоғоз хатлардан тўлиқ воз кечди
Дания расман қоғоз хатлар етказиб беришни тўхтатди ва шу орқали жисмоний почта хизматидан бутунлай воз кечган дунёдаги биринчи давлатга айланди.

Данияда 30 декабр куни сўнгги қоғоз хат етказиб берилди. Шу кундан бошлаб мамлакатда почта хизмати хатларни жисмоний тарзда тарқатишни тўлиқ тўхтатди. Бу қарор рақамли коммуникациянинг кенгайиши ва қоғоз почтанинг иқтисодий самарадорлиги пасайиб бориши билан изоҳланмоқда.
CNNʼнинг маълум қилишича, Дания давлат почта хизмати — PostNord 400 йиллик тарихида илк бор анъанавий хат етказиб беришдан воз кечди. Компания охирги хатни 2025 йил 30 декабр куни тарқатган.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Данияда етказиб берилган хатлар сони 2000 йилга нисбатан 90 фоизга камайган. Бу кўрсаткич қоғоз почтага бўлган эҳтиёж деярли йўқолганини кўрсатади. Солиштириш учун, АҚШда ҳам почта ҳажми пасайган бўлса-да, у ерда 2006 йилга нисбатан 2024 йилда камайиш 50 фоизни ташкил этган.
PostNord мамлакат бўйлаб ўрнатилган 1500 та почта қутиcини олиб ташлади. Ушбу қутилар сотилиб, тушган маблағлар хайрия мақсадларига йўналтирилгани маълум қилинди.
Дания ҳукумати ва почта хизмати вакиллари жисмоний хатлардан воз кечиш рақамли давлат хизматлари, электрон ҳужжат айланмаси ва онлайн мулоқот тизимлари кенг жорий этилгани билан боғлиқ эканини таъкидламоқда. Мамлакат аҳолисининг катта қисми давлат ва хусусий хизматлардан электрон шаклда фойдаланмоқда.
Бу қарор орқали Дания қоғоз почтадан тўлиқ воз кечган дунёдаги илк давлат сифатида тарихга кирди.





