Даромад ва харажат: Ўзбекистонликлар нимага кўпроқ пул сарфламоқда?
Ҳар тўрт ўзбекистонликдан учтаси яқин ойларда харажатлари яна ошишини кутмоқда. Аҳоли даромадлари ўсиб бораётган бўлса-да, маблағларнинг катта қисми таълим, уй-жой таъмири ва кундалик эҳтиёжларга кетмоқда.

Марказий банк жорий йилнинг 3 ойлиги бўйича аҳолининг “Истеъмол кайфияти шарҳи” ни тақдим этди. Унда аҳолининг даромадлари, харажатлари, кредит олиш ва пул жамғариш бўйича кутилмалари берилган.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 68 фоизи яқин ойлар ичида даромадлари ошишини кутмоқда. Яна 25 фоиз иштирокчи даромадлари ўзгаришсиз қолишини билдирган. Даромадлари камайишини кутаётганлар улуши эса атиги 7 фоизни ташкил этиб, энг паст кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилди. Аҳолининг аксарияти иқтисодий шароитни ҳам, келажакдаги даромадларини ҳам ижобий деб баҳоламоқда.
Ойига 20 миллиондан ортиқ даромад топувчилар эса иш ҳақи янада ошишини кутаётганини билдирган. Бу натижа эса ўтган чоракка нисбатан 5 фоизга яхшиланганини кўрсатади. Айни пайтда, ойлиги пасайишини кутаётганлар улуши асосан 10-15 миллион сўм даромадга эга гуруҳда қайд этилди. Ойлик тушумлари 3-5 миллион ва 7-10- миллион сўмлик иштирокчилар келгусида даромадлари ўзгармаслигини тахмин қилишган.
Аҳолининг асосий даромад манбалари нима?
Аҳолининг асосий даромади ҳануз ойлик иш ҳақи бўлиб қолмоқда. Сўровноманинг 66 фоиз иштирокчилари уларнинг даромади ойликдан эканлигини таъкидлаган. Бу кўрсаткич ўтган чоракда 67 фоизни ташкил қилган эди.


Манба: Марказий банк
Шу билан бирга, томорқа, тадбиркорлик ва савдо ҳамда кунлик даромадли ишлар, мулк ижараси ва пул ўтказмалари ҳисобига даромад топувчилар улуши ўтган чоракка нисбатан ошган бўлса ҳам, қолган соҳаларда ўзгариш кузатилмади.
Маиший хизмат, кафе-ресторан, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ишлаб чиқариш соҳаларида аҳолининг даромадларлари сезиларли ошган. Бу эса хизматлар бозоридаги барқарор талаб ва туризм салоҳиятининг кенгайиши натижасида иқтисодий фаоллик яхшилангани билан изоҳланади. Шунингдек, аҳолининг даромади ошгани билан бирга харажатлари ҳам анча ўсган.
Аҳоли харажатлари қаерга йўналтирилмоқда?
Cўровномага кўра, иштирокчиларнинг 77 фоизи, яъни ҳар тўрт кишидан учтаси келгусида харажатлар ошишини кутмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чоракда ҳам деярли ўзгармаган. Иштирокчилар харажатларининг пасайиши 6 фоизни , ўзгаришсиз қолади деган жавоби эса 16 фоизни ташкил қилди.
Таҳлилга кўра, энг кўп ва кам даромад топадиганлар келгусида харажатлар камайишини кутмоқда. Ўрта 5-10 млн сўм ҳамда юқори ўрта 10-20 млн даромад қилувчи аҳоли эса харажатлар ошишини тахмин қилган. Бунга сабаб бозорлардаги айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашуви ва июнь ойида ошган энергетика тарифлари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Аҳоли даромадининг кўп қисми уй-жой таъмирига тўғри келмоқда. Шунингдек, таълим ва даволаниш учун харажатлар юқори улушни ташкил этган.
Пастроқ даромадли аҳоли (5 млн сўмгача) харажатларини асосан уй-жой таъмири, таълим ва кундалик эҳтиёжлар учун йўналтиради. Ўрта даромадли гуруҳда (5–10 млн сўм) эса таълим билан бирга саёҳат, автомобиль хариди ва тўйга харажат қилиш улуши кўпроқ.
Юқори даромадли аҳолида эса асосий харажатлар саёҳат, уй-жой хариди ва автомобиль сотиб олишга тўғри келмоқда. Шунингдек, мазкур гуруҳларда даволаниш, маиший техника ва мебель харидларига талаб ҳам нисбатан юқорироқ сақланмоқда.
Ёшлар кўпроқ нимага пул сарфламоқда?


Манба: Марказий банк
Иштирокчилар орасида 30 ёшгача бўлган ёшлар асосан, таълим ва уй-жой таъмири билан боғлиқ харажатларга кўпроқ маблағ сарфлашларини билдирган. Шунингдек, ёшларнинг саёҳат, тўй ва автомобиль харидларига бўлган талаби ҳам юқори.
Ўрта ёшлилар (31-50 ёш) эса кўпроқ уй-жой хариди ва таъмири, даволаниш, таълим ҳамда автомобиль сотиб олиш билан боғлиқ харажатларни режалаштирмоқда.
51 ёшдан катта аҳоли кўпроқ уй-жой таъмири ва соғлиқ билан боғлиқ эҳтиёжларга маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Тўй маросимлари учун харажатлар ҳам ушбу ёш гуруҳида муҳим йўналишлардан бир сифатида қайд этилган.
Якуний натиижаларни таҳлил қиладиган бўлсак, аҳолининг даромадлари ошгани билан бирга уларнинг харажатлари ҳам етарлича кўпайган. Даромад миқдорига қараб харажатлар таркибида сезиларли фарқлар мавжуд ва бу кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилади. Жумладан, пастроқ даромад топадиган аҳоли асосан кундалик эҳтиёжлар ва таълимга кўпроқ маблағ йўналтирса, ўрта ва юқори даромадли қатламларда саёҳат, автомобиль хариди ва уй-жой билан боғлиқ йирик харажатлар устунлик қилади. Бу ҳолат эса аҳолининг молиявий ҳолати яхшиланаётганини ва ҳар бир инсон ўз эҳтиёжига мос равишда харажат қилаётганини кўрсатади. Аммо шу ўринда харажатлари кредит ва маиший тўловлардан ортмаётган аҳоли ҳам етарлича. Натижада аҳоли топган даромадини жамғаришга деярли имкони бўлмаяпти.





